Муҳаммадали Алиқулов: "Корея клубига ўтишимга кўпроқ Рустам Ашурматов сабабчи"

“Металлург” клуби шарафини ҳимоя қилиб келган Муҳаммадали Алиқулов фаолиятини энди Жанубий Корея чемпионатида давом эттиради.

У К2 лигасида “Пусан ИПарк” жамоаси аъзосига айланди. Фаолиятида илк бор легионерга айланган ҳимоячи Sports.uz учун ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Муҳаммадали, Корея клуби билан шартнома излаганингиз юзасидан табриклайман. Бу қандай содир бўлди? Ўзингиз кутганмидингиз ёки барчаси тўсатдан юз бердими?

- Раҳмат. Ҳа, қизиқиш бўлган экан. Мураббйилари менинг иккита ўйинимни тўлиқ кўриб чиқишибди. Шундан кейин мени бу клубга ўтишим ҳал бўлиб кетди. Кўпроқ Рустам Ашурматов сабабчи бўлди. Чунки унинг олдинги мураббийлари ҳозирги жамоада ишлашяпти.

- Фаолиятингизда илк бор легионерга айландингиз. Бу таклифни қабул қилишдан аввал иккиланиш бўлмадими? Балки кимдандир маслаҳат олгандирсиз...

- Дадам футбол ўйнамаган. Ўзлари ўйнамаганлари учун бизга қийинчиликлар билан бўлса-да, шароит яратиб берган.

Муҳаммадали Алиқулов

- Хусниддин Алиқуловни акаси сифатида ҳам мухлислар сизни яхши билишади. Дастлаб укангиз легионерга айланди. Балки бу ҳолат ҳам фаолиятингизни четда давом эттиришга ундагандир. Бу борада нима деган бўлардингиз?

- Ҳа, укам мендан олдин танилди. У кўп меҳнат қилди. Мен ҳам анча эрта танилардим. Аммо ҳаммаси Аллоҳдан. Жароҳат сабабли кечроқ ўйнашни бошлаганман.

- Янги клубда сизни қандай кутиб олишди? Янги мамлакат, менталитет ва жамоага кўникишингизда кимлар ёрдам беряпти?

-  Жуда зўр кутиб олишди. Фарижкан деган агент мени жойлаштириб кетди.

- У ерда қайси рақамни танладингиз?

- Яна 97 ни олдим.

Муҳаммадали Алиқулов1_3

- Бунга 1997 йилда туғилганингиз сабабми?

- Ҳа, сабаби шу.

- Бунгача "Металлург"дан ташқари, "Шўртан" ва "Машъал"да ўйнагансиз. Хусниддин эса "Насаф"даги ўйинлари орқали кўзга ташланди. Адашмасам, сиз "Насаф"да тўп сурмагансиз, бундай имконият сизда бўлмаганми?

- Йўқ, бўлмаган.

- Яъни, укангиз билан бирга тўп суришни хоҳлармидингиз? "Насаф"да сизда тўп суриш имкони бўлмагани хафа қилмаганми?

- Йўқ, хафа қилмаган. Худо хоҳласа, миллий терма жамоада бирга ўйнаймиз.

муҳаммадали Алиқулов3

- Янги жамоангиз бош мураббийи билан илк суҳбатингиз қандай кечди?

- Биз сенга ишонганимиз учун чақирдик деди. Боя айтганимдек, Рустам Ашурматов кўпроқ сабабчи. Ҳозирги бош мураббий ва ёрдамчиси ўз вақтида уни мураббийлари бўлишган.

- “Пусан”нинг мақсади қандай ва футболчи сифатида олдингизга қанақа вазифа қўйгансиз?

- Мақсадимиз чемпионликни қўлга киритиш ва элитага чиқиш. Ниятларим катта, Худо хоҳласа, меҳнат қилиб, барчасини амалда кўрсатмоқчиман.

- Охирги савол! Сизга Суперлигамиздан ва яна бошқа мамлакатлардан ҳам таклифлар бўлганмиди ёки кореяликларнинг таклифи сиз учун энг асосийси бўлдими?

- Ҳа бор эди. Суперлигадан иккита ва Таиланддан битта. Лекин мен ўзим учун энг маъқулини танладим.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!