Муҳаммадиевга истеъфо ҳақидаги гаплар ёқмаяпти, аммо натижа қани?

Coca-Cola Суперлиганинг 8-турида “Бухоро” клуби яна мағлубиятга учради. Бу сафар Жиззахда “Сўғдиёна”дан мағлубиятни қабул қилиб олди. Натижада бухороликларнинг ғалабасиз ўйинлари сони 8 тага етди. Яъни, мавсум бошланганидан бери шу аҳвол. 2 та дуранг ва 6 та мағлубият. Тўплар нисбати эса жуда ёмон – 4:20. Ҳозиргача ўз дарвозасидан энг кўп гол ўтказган жамоа бўлиб турибди.

Кўриниб турибдики, “Бухоро”нинг ўйинида нуқсонлар тўлиб-тошиб ётибди. Бундай муваффақиятсизлик қачонгача давом этаркин? Клубнинг бир қатор ўйинларини кузатар эканмиз, афсуски, ҳаммаси қайд этилаётган натижаларга мос тушмоқда. Тўғри, пандемия туфайли “Бухоро” легионерларидан фойдалана олмаяпти. Аммо клубнинг ўзи хорижлик футболчиларини уйларига кетишига рухсат берган. Ҳолбуки, чемпионатимизда танаффус юзага келган маҳалда бошқа жамоалардаги легионерлар ҳеч қаерга кетишмаганди. Шундай экан, бу муаммо “Бухоро”нинг ўзига тааллуқли ва ҳадеб легионерларининг йўқлигини рўкач қилмаса ҳам бўлади.

Тан олиш керакки, кўпчилик “Бухоро”да ҳам ўзгариш бўлишини кутмоқда. Аввалига раҳбарият тизимида ўзгаришлар юз берганди. Балки энди навбатдаги мағлубиятдан сўнг яна бош мураббий масаласи асосий ўринга чиқиб қолгандир. Аслида чемпионатни кетма-кет учта йирик ҳисобдаги мағлубият билан бошлашганидан кейин Муҳсин Муҳаммадиевга 4-турдаги ўйин охирги имконият сифатида айтилганди. Бироқ кейинчалик коронавирус пандемияси сабабли ҳаммаси ўзгариб кетди ва натижада чемпионатимизда уч ойлик танаффус юзага келди. Бу орада эса Муҳаммадиев Москвага кетди. Оқибатда у “Бухоро” клубига рестартдан кейин қўшилди. Бунгача эса у “Бухоро”нинг айрим учрашувларида иштирок эта олмади. Карантиндан қайтганидан кейин жамоаси билан яна ишга киришгач ҳам вазият ўнгланмаяпти.

Бу ёқда эса маҳаллий мухлислар жамоанинг натижаларидан норози ва бош мураббийга эътирозлар кўпаймоқда. Қолаверса, ўйинлардан кейинги матбуот анжуманларида ҳам Муҳаммадиевга истеъфо ҳақида саволлар берилмоқда. Аммо мураббийга бу ҳолат ёқмаётганини унинг жавобларидан пайқаш қийин эмас. Балки Муҳсин Муслимович  “Бухоро”дан бундай аҳволда кетишни истамаётгандир, аммо ундай бўлса ғалаба қани, Муҳаммадиев?!

Мағлубиятлар, ғалабасиз ўйинлар жамоа футболчиларини ҳам тушкун кайфиятга тушириб қўйган. Муҳаммадиев эса негадир “Бухоро”ни қийин вазиятдан олиб чиқиб кета олмаяпти. Агар клуб шу тариқа ўйинларини давом эттирадиган бўлса, у ҳолда бош мураббийнинг клубдаги фаолияти узоқ давом этмаслигини тахмин қилиш қийин кечмайди.

Узун-қулоқ гапларга қараганда, “Бухоро”да Муҳаммадиевнинг ўрнини Жамшид Саидов эгаллаши мумкинлиги ҳақида ҳам эшитиб турибмиз. Саидов эса яқинда “Бухоро”да техник директор вазифасида иш бошлаган. Балки унинг собиқ клубига қайтгани бежиз эмасдир. Қолаверса, илгари клубда раҳбар бўлиб ишлаган Алишер Рустамов ҳам яна “Бухоро”га қайтган. Эътиборлиси, аввал раҳбар сифатида фаолият юритган пайтда Саидов мураббийлар штабида бўлган. Кўриб турганингиздек, воқеалар ривожи гўёки биз кутган жараёнга қараб кетаётгандек.

Шунингдек, бунгача “Сурхон” ҳамда “Қизилқум” клубларида қисқа фурсат раҳбарият тизимида ишлашга улгурган Ҳасан Рўзиев ҳам “Бухоро”да пайдо бўлиши борасидаги гап-сўзлар ҳам йўқ эмас. Ҳозирча Муҳаммадиевнинг кейинги тақдири борасида клуб расмийлари бирор-бир муносабат билдиришгани йўқ. Балки олтинчи мағлубиятдан кейин тез орада қандайдир ўзгариш бўлар, бу ёғини энди вақт кўрсатади. Тўғриси, Муҳсин Муҳаммадиев бошчилигида жорий мавсумда “Бухоро”дан кўп нарса кутилаётганди. Лекин у ўзининг мураббийлик салоҳиятини тўла-тўкис намойиш эта олмаётгани ҳам айни ҳақиқат.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Safar Nuriddinov
08/07/2020 16:37
Аллакачон.ковушини.олдигакуйиб.хайдашкеракэди.узюртибулмагандан кейин юрагиачимайди ойликкетаяпти одамларнинггапигаумуман ишийук бахоналар бирвагон бухорода канчайошуйинчи болалар бор уларнитугри уйнатса стадионнититратибюборади
Mirali Hcerali
08/07/2020 16:04
Хомяков якин кунларда бухоро жамоасини к,абул к,илиб олади
Расулжон Тоштемиров
08/07/2020 16:07
Ростданми
Расулжон Тоштемиров
08/07/2020 14:35
Бизга Бухоро керак Мухамамадев керак эмас бухорода мутахасис купку