Муҳаммадиевни товон пулисиз кетишга қандай кўндиришгани, Хомяков масаласи ҳамон кун тартибидалиги, легионерларнинг кейинги тақдири...Ёхуд клубдаги ўзгаришлар ҳақида "Бухоро" бош директорининг муносабати

“Бухоро” клубида олдиндан кутилганидек бош мураббий ўзгарди. Тожикистонлик Муҳсин Муҳаммадиев истеъфога чиқди ва унинг ўрнини Жамшид Саидов эгаллади. Бундай ўзгариш эса жамоа учун жуда зарур эди. Ахир мавсум бошидан бери ғалаба нималигини билмай келаётган “Бухоро”га янги қон қуйиш керак эди-да.

Жамоанинг муваффақиятсиз иштироки у ерда муаммолар борлигини кўрсатиб турибди. Бундан аввал эса, раҳбариятда ҳам ўзгариш бўлганини билсангиз керак. Алишер Рустамов “Бухоро” бош директори сифатида иш бошлаганди. Мухлислар эса уни яхши билишади. 2016 йилги мавсумда ҳам у клубда раҳбарлик лавозимида ишлаган ва ўшанда “Бухоро” фахрли 4-ўринни эгаллаганди. Яна бир бор ушбу мутахассиснинг клубга қайтиши маҳаллий ишқибозларда умид учқунларини уйғотган бўлса ажаб эмас.

Куни кеча Алишер Рустамов билан боғландик. Зеро, бунга бир нечта сабаблар бор эди.

-  Жамоада иш бошлаганимда бош мураббий Муҳсин Муҳаммадиев эди, - дея гап бошлади Алишер Рустамов. - Мен клубга келган пайтимда у карантин туфайли Москвага кетганди. Унинг ўрнида эса бош мураббий вазифасини вақтинча ёрдамчи мураббий Мирислом Ҳасанов бажариб турди. “Андижон” билан дуранг ўйнадик ва сафарда “Навбаҳор”га ютқазганимиздан сўнг Муҳаммадиев Россиядан қайтди. 9 июнда келди ва 23-санагача карантинда бўлди. Шундан сўнг, “Бухоро”да яна ўз вазифасини бажаришга киришди. Қаршида “Насаф” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнадик. Бу эса биз учун ижобий натижа ҳисобланарди. Сўнг “Металлург”га йирик ҳисобда ютқазиб қўйдик. Ўз стадионимиз реконструкция бўлаётгани туфайли Муборакдаги стадиондан ижара ҳисобида фойдаланиб турибмиз. Хуллас, ўзимизда “Металлург”га 1:4 ҳисобида мағлуб бўлганимиздан кейин Жиззахда “Сўғдиёна”га 3:1 натижасида ютқазиб қўйдик. Ўйиндан кейин ҳамманинг – жумладан менинг ҳам кайфиятим йўқ эди. Бош мураббийда ҳам шундай ҳолат эди. “Сўғдиёна” билан учрашувдан сўнг Муҳаммадиев билан икки томонлама шартномани бекор қилиш бўйича музокараларни бошладик. Чунки вазият оғир эди ва клубда ниманидир ўзгартириш керак эди. Буни Муҳаммадиевнинг ўзи ҳам ҳис қилиб турганди. Сабаблар кўп эди, легионерлар ҳам етиб келишмаганди. Жароҳат олган ўйинчиларимиз ҳам бор эди. Ҳаммаси бир бўлиб натижамизга таъсир қилди. Ушбу ойнинг бошидан “Бухоро”да техник директор сифатида Жамшид Саидов ишга киришганди. Муҳаммадиев билан бир тўхтамга келгунга қадар машғулотларни Саидов ўтказиб турди. Охир-оқибат Муҳсин Муслимович билан молиявий масала бўйича келишиб олдик. Барча ҳисоб-китоблар якунланишини Муҳаммадиев кутди. Ўтган жума куни эса у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилдик ва ундан умуман қарзимиз қолмади. Душанба куни эса бош мураббий ўзгарганини расман эълон қилдик.

-  Айтинг-чи, унга қанча миқдорда товон пули тўладинглар?

-  Йўқ, биз товон пули тўламадик. Икки томоннинг ўзаро розилиги билан шартномани бекор қилдик. Мураббий қайси кундан ариза ёзган бўлса, ўша кунгача тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширдик. Муҳаммадиевга жамоадаги вазиятни тўғри тушунгани учун раҳмат айтмоқчиман. “Бухоро”га оғирлиги тушмаслиги ҳамда вазият товон пули тўлаш ҳолатига етиб бормаслиги учун ўзаро келишиб олдик. Натижада у товон пулидан воз кечди. Фақат ойлик маошларини тўлаб бердик. Чунки боя айтганимдек, унинг ўзи ҳам клубнинг аҳволини тушуниб турганди. Ўз ўрнида шуни айтмоқчиманки, Муҳаммадиев билан олиб борилган музокараларнинг ижобий ечим топишида Ҳасан Рўзиевнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Ушбу мутахассис "Бухоро" клубида бош директор ўринбосари бўлиб ишлаяпти.

-  “Бухоро”ни Александр Хомяков бошқариши ҳақидаги хабарлар кўп чиқди. Ҳаттоки, унинг Бухорога бориб келганидан ҳам хабаримиз  бор. Лекин бош мураббийлик вазифаси Жамшид Саидовга топширилди. Аслида Хомяков варианти ҳам бормиди?

-  Александр Андревич – яхши мутахассис. У ўзини кўрсата олган. Ўзбекистонга мослашган, кўплаб футболчиларни яхши танийди. “Машъал”да 10 йил давомида иқтидорли ёшларни тарбиялади. Менимча, ҳар қандай жамоа мана шундай мураббий билан ишлашни хоҳлайди. Биз ҳам Хомяков билан музокара олиб боряпмиз, аммо ҳали шартнома имзолаганимиз йўқ. Тўғриси, жамоамизда Хомяков ишлашини хоҳлаймиз. Плюс томони шундаки, Хомяков билан Саидов “Машъал”да ва “Андижон”да бирга ишлаган. Уларнинг услублари ўхшаш ва бир-бирини жуда яхши тушунишади.

-  Агар воқеалар ривожи сизлар истагандек кечиб, Хомяков “Бухоро”га келса, у қандай лавозимда ишлаши мумкин?

-  Маслаҳатчи мураббий бўлади.

-  Жамшид Саидовнинг бош мураббийликка тайинланиши олдиндан режада бормиди ёки бошқа вариантлар ҳам мавжудмиди?

-  Юқорида айтганимдек, Саидов клубда техник директор бўлиб ишлаб турганди. Унда ҳам Муҳаммадиев билан бирга ишлаш имконияти бор эди. Охир-оқибат Муҳсин Муслимович билан музокарага киришганимиздан сўнг клубнинг инфратузилмасини яхши биладиган, про лицензиясига эга бўлган ва айрим клубларни бошқарган Жамшид Саидовнинг номзоди бор эди. Яъни, биз ички ресурсдан фойдаландик. Четдан мураббий қидиришнинг ҳожати йўқ эди.

-  Етиб кела олмаган легионерлар масаласи қандай ечим топиш мумкин?

-  Ечим топилиши бизга боғлиқ эмас. Легионерларимизнинг тўрттаси асосий таркиб ўйинчилари эди. Икки нафари эса жамоамизда ўтган йилдан бери тўп суриб келаётганди. Айнан Милован Капор билан Жиба Липартиа Бухорога мослашиб қолганди. Албатта, хорижлик футболчиларнинг жамоамизга етиб келмагани бизга панд берди. “Бухоро”да захира ўриндиғимиз кенг эмас. Иккита тенг кучли таркибга эга эмасмиз. Мана шундай паллада легионерларимизнинг йўқлиги катта таъсир қиляпти. Аммо ҳозирги пайтда авиарейслар беркитилган. Бошқа иложимиз йўқ, қачон карантин тугаса, ўшанда келишади, кутишга мажбурмиз.

-  Легионерларга ойлик маош тўланяптими ёки тўхтатиб қўйилганми?

-  Карантин жорий этилгани муносабати билан уларга иш ҳақларини тўлаш борасида музокаралар олиб бориляпти. Ҳозирги вазият форс-мажор. Уларнинг кела олмаслигига сабаб бор – йўллар ёпиқ. Шу ўринда айтишим мумкинки, бизни ҳам бу вазиятда айбимиз йўқ. Лекин ўртада шартнома бор.

-  Умуман олганда, “Бухоро”нинг муваффақиятсиз иштирокини нима билан боғлайсиз: мураббийнинг хатосими, молиявий муаммоларми ёки таркибдаги камчиликларми?

-  Мураббийнинг иши бўйича аниқ гап айта олмайман. Чунки ўша пайтда мен клубда бўлмаганман. Аммо унутмаслик керакки, футболда ҳар хил вазиятлар бўлиб туради. Мендан олдингиларнинг ишларида хато ва камчиликларни топиб, муҳокама қилиш тўғри иш эмас. Ўзим ҳам эрта-индин шундай вазиятга тушишим мумкин. Бўлган иш бўлиб ўтди. Масалан, нима сабабдан бундай бўлгани энди мени унчалик қизиқтирмайди. Мени қизиқтираётгани ҳозир ва бундан кейин нима қилиш керак? Мана шу ҳолат мени кўпроқ ўйлантиряпти. Барибир олдин ишлаган раҳбарларга ва мураббийларга раҳмат. Ўтган йили Муҳаммадиев жамоани сақлаб қолган. Энди эса яна бир бор “Бухоро”ни Суперлигада сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

-  Яқинда клубда 8 нафар футболчида коронавирус аниқланганди. Уларнинг ҳозирги ҳолати қандай? Қолган ўйинчиларни қандай ҳимоялаяпсизлар?

-  Жамоамизда дастлабки тест ўтказилганида 8 та футболчимизда вирус борлиги маълум бўлганди. Иккинчи ярмини ҳам тестдан ўтказганимизда яна уч нафар футболчимизда коронавирус аниқланди. Айни пайтда улар изоляцияга олинган. Улар шифокорлар назоратида. Кейинчалик ўшаларни яна бир бор тестдан ўтказамиз. Қолган йигитларни алоҳида ажратганмиз ва улар соғ-саломат.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!