"Мундиалда камида ярим финалгача бормоқчимиз, жаҳон чемпионати фаолиятимдаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин" - Аббос Файзуллаев
Ўзбекистон U20 терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги муваффақияти шубҳасиз футболимиз тарихидаги ёрқин лаҳзалардан бирига айланди.
Ҳаммаси ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Чунки бунинг замирида жуда катта меҳнат ётибди. Мазкур терма жамоамиз сафида футболимизнинг эртанги кун юлдузлари тўп суришяпти.
Ана шундай келажаги порлоқ, ҳаммани қойил қолдираётган истеъдодларимиздан бири Аббос Файзуллаевдир. “Пахтакор” клуби тарбияланувчиси U20 терма жамоамизнинг муҳим фигураларидан бири ва албатта чемпионлик қўлга киритилишида улкан ҳиссасини қўшди.
Sports.uz журналисти Файзуллаев билан Осиё чемпионати ва ундаги таассуротлари ҳақида суҳбатлашди.
- Ўзбекистон U20 терма жамоамизнинг Осиё чемпионлигини қўлга киритгани катта ютуқ бўлди. Сиздан дастлаб қитъа чемпионати ҳақида сўрамоқчиман. Мотивация, қўшимча куч каби ҳислатлар жамоамизда сезилиб турди. Таассуротларингиз қандай бўлди?
- Барчани чемпионлик билан табриклайман. Осиё чемпионатига келадиган бўлсак, биз бу турнирга икки йил тайёргарлик кўрдик. Жамоамиз билан турли хил йиғинлар ўтказдик, ўртоқлик учрашувларида ўйнадик. Бу нафақат Осиё чемпионати мусобақаси, балки жаҳон чемпионатига йўлланма берадиган муҳим турнир эди. Айнан шуниси билан бу икки карра муҳим мусобақа эди. Ҳаммасини яхши тушуниб турган ҳолда қаттиқ тайёргарлик олиб бордик. Мақсадимизга эришиш учун майдонда боримизни бердик. Буни ўзингиз ҳам кўрдингиз. Жамоавий ўйинни яхши йўлга қўйганимиз майдонда билиниб турди, деб ўйлайман. Асосий кучимиз мана шунда эди.
- Финал бетакрор бўлди. Бу сиз учун ҳам муҳим эди, чунки биринчи марта мана шундай финалда эдингиз. Муҳтарам Юртбошимиздан олтин медални олишингиз, жамоамизни қўллаб-қувватлагани, умуман барчаси ажойиб лаҳзалар эди. Буни худди ширин тушга ўхшатиш мумкинми?
- Буни туш деб айта олмайман. Чунки ёшлигимдан ўз олдимга аниқ-аниқ мақсадлар қўйганман. Шунинг учун мақсадларимни аниқ билардим. Менимча, буни олдимга қўйган вазифаларимни бирин-кетин бажаришим деб ўйлайман. Лекин бу муваффақиятимизни ҳеч қандай тушга ўхшатмайман.
- Финалгача ва финалдан кейинги ҳолатингиз қандай эди?
- Финалдан олдин ва финалдан кейинги кечани бир хил ўтказдим. Чунки ҳар бир учрашувга бир хил тайёргарлик кўрамиз. Бу хоҳ финал, хоҳ гуруҳдаги ўйин бўлсин, ажратмасдан одатий тарзда тайёрландик.
- Осиё чемпионатида сиз учун энг ҳаяжонга бой ва мураккаб ўйин сифатида қайси учрашувни айтган бўлардингиз?
- Энг ҳаяжонга бой ёки мураккаб ўйин бу Австралияга қарши учрашув эди. Чунки бунинг масъулияти жуда катта эди. Ўртада жаҳон чемпионати йўлланмаси турганди. Ушбу беллашувни энг қийини бўлди, деб ўйлайман.
- Осиё чемпионлигининг қўлга киритилиши фаолиятингизда янги саҳифа очаётгани рост. Айтинг-чи, мазкур муваффақият фаолиятимга қанчалик таъсир қилади, деб ўйлайсиз?
- Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди ва бу фаолиятимдаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Мундиалда жуда кўп скаутлар кузатишади. Менимча, дунёнинг деярли барча скаутларининг эътиборида бўлади. Шу сабабли ҳам ушбу жаҳон чемпионати фаолиятимдаги бурилиш нутқасига айланиши мумкин.
- Осиё чемпионатидан кейин кўплаб скаутлар сиз билан жиддий қизиқиб қолишгани ҳақида эшитяпман. Сир бўлмаса, айнан қандай клублардан таклифлар келиб тушмоқда?
- Қизиқишлар бўлаётган бўлиши мумкин, бу табиий ҳолат. Лекин ҳозирча буларга эътибор бермадим. Бу ҳақида ўйламадим.
- Мендаги маълумотга қараганда, “Бавария” сизни кузатяпти...
- Ҳали “Бавария”нинг қизиқиши ҳақида ҳеч нимани билмайман. Бу нарсаларни агентимга қолдираман.
- Икки ойдан кейин жаҳон чемпионатида иштирок этамиз. Терма жамоамизни мундиалдаги потенциалини қандай баҳолайсиз ва нимага қодир деб ўйлайсиз?
- Ҳа, яқинда, май ойида Индонезияда жаҳон чемпионати бошланади. Жамоамизнинг потенциалини жуда юқори деб ўйлайман. Олдимизга катта мақсад қўйганмиз. Камида ярим финал ва финалгача бормоқчимиз.
- Умуман олганда, жаҳон чемпионатидан сўнг фаолиятимни легионер сифатида хорижда давом эттириш фурсати етди, деб ўйлайсизми ёки “Пахтакор”да яна бироз қолишим керак, деган фикрдамисиз?
- Қачон легионер бўлишимни вақт кўрсатади. Лекин кетишимдан олдин бунга тайёр бўламан, Худо хоҳласа.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар