Мундиалдан четда қолганлар баҳси (превью)

2-тур ҳақида билдирган фикрларимиз ўзини оқлади. Терма жамоалар тобора ўз ўйинини қайта шакллантириб бормоқда. Уларга катта танаффусдан сўнг, ростдан ҳам бироз вақт керак бўлган экан. Россия Венгрияни хотиржамлик билан енгмоқчи эди. Аммо якун улар кутгандек кечмади. Германия гол ўтказиб юборгач, кучайиш ўрнига хотиржамликка берилмоқда. Испанлар эса гуруҳ етакчилиги учун Украина билан ўтган баҳсда рақибларини кўрдим дейишмади. Ансу Фати пандемия сабаб терма жамоа сафида дебют қилган энг ёш футболчи деган номни бой берди. Аммо кеча иккинчи ўйинидаёқ гол киритиб, испанлар таркибида гол киритган энг ёш футболчига айланди.

НИД - ИТА ГЛАВ 1
Кеча бизда катта номлар тўқнашувлари йўқлигини эътироф этишимиз шарт. Кўп йиллик футбол тарихига назар ташласак, энг номдор жамоалар тўқнашуви сифатида Венгрия - Россия учрашувини қайд этишга мажбур бўламиз. Бугун эса яққол марказий учрашувга эгамиз. Жаҳон чемпионати финалларини-да безашга қодир бўлган Голландия - Италия учрашуви тунги уйқумиздан айиришга қасд қилган.
Ушбу жамоалар ўртасидаги 21 учрашувнинг 9 таси итальянлар фойдасига ҳал бўлган. 3 та баҳсда “учар голландлар” зафар қучган бўлса, яна 9 та беллашувда жамоалар муроса кўчасини танлаган. Дуранглар бирмунча кўплиги бежизга эмас. “Лолалар юрти” вакиллари учун Италияга қарши ўйинлар доим қийин кечган. Очиқ, ҳужумкор футболга қарши итальянча ҳимоядан яхшироқ қурол борми?! Нидерландлар сўнгги бор “мовий эскадра”ни 12 йил муқаддам, “ЕВРО-2008” 1-турида йирик 3:0 ҳисобида енгган.

СИЛЕСЕН

Голландия

Нидерландлар Левандовскисиз Польшага қарши ҳам қийинчиликка учрашди. Депай терма жамоа етакчиси сифатида бир нечта вазиятда ўзини кўрсата олди. Аммо ҳужумда у яратган вазиятларни голга айлантира оладиган шерик етишмади. Промес ва Бергвейн кўп вазиятларда йўқолиб қолишди. “Тоттенхэм” футболчиси учрашувдаги ягона голни киритган вазиятда ҳам аслида катта ишни Френки де Йонгнинг супер узатмаси ва Ханс Хатебурнинг ажойиб тарзда тўпни ташлаб бериши сабаб бўлди.
Бугун Лодевегес шогирдлари нисбатан кучсизроқ Италияга қарши 12 йиллик нохуш анъанага барҳам беришлари ва гуруҳдаги вазиятни ўзлари учун янада қулай ҳолатга олиб келиб қўйишлари зарур.

Тахминий таркиб: Силлессен, Хатебур, Ван Дейк, Аке, Виндаль, Де Йонг, Де Рон, Вейналдум, Промес, Бергвейн, Депай.

НИД СОСТАВ

Италия

Роберто Манчини анча экспериментал таркибни йиғинга жалб қилгани Босния ва Герцеговинага қарши учрашувда билиниб қолди. Ёш авлод вакилларининг ҳам энг кучлилар йиғилмаган. Тўп узатишларда кўплаб хатолар кўзга ташланмоқда. Турли клублар шарафини ҳимоя қилувчи футболчилар бир-бирларини тушуниб олишлари анча қийин кечди. “Ювентус” футболчилари “Саррибол” асоратларидан қутула олмаётгани жамоанинг услубия текислигини бузиб қўймоқда.
Ортда қолган бир неча кун давомида Манчини хатоларни тўғрилаб олмаган бўлса, “учар голландлар” майдонида “скуадро адзурро” яхшигина қийналади.

Тахминий таркиб: Сиригу, Ачерби, Бонуччи, Дамброзио, Ди Лоренцо, Барелла, Сенси, Пеллегрини, Кьеза, Инсинье, Иммобиле.

ИТА ТРЕН 2

Мураббийлар

Дуайт Лодевегес: “Биз Польшага қарши жуда ажойиб ўйин кўрсатдик. Уларда жуда кўплаб кучли футболчилар борлигига қарамай, ҳимоявий футболни афзал кўришди. Бундай ҳолатда футбол ўйнаш бизга оғирлик қилди. Италияга қарши ўйнаш ҳам жуда қизиқ. Улар бизга жуда ўхшаш футбол кўрсатишади. Уларда бир нечта янги футболчилар ҳам бор, аммо бу ўйин сифатини туширмайди. Улар ўзига яраша принципларга эга жамоа ҳисобланади. Дамфрисни ота бўлгани билан табриклашимиз мумкин. Ота бўлиш майдонга тушишига ҳалақит беради, деб ўйламайман”.

ДУАЙТ

Роберто Манчини: “Биз ҳар доимгидек, Нидерландияга ғалаба учун келдик. Ғалабали сериямиз қачондир тугаши аниқ эди. Бу Босния ва Герцеговинага қарши ўйинда содир бўлиши керак экан. Мен хурсандманки, биз атиги дуранг эвазига ушбу серияни бой бердик. Структурани сақлаб қолган ҳолда бир нечта футболчиларни алмаштирамиз. Улар ҳар 3 кунда футбол ўйнай олишмайди”.

МАНЧИНИ

Хулоса ўрнида

Италиянинг Голландия устидан мағлубиятсиз серияси қачондир якунланиши керак. Таркиб ва жамоаларнинг ҳолати нуқтайи назаридан ушбу воқеа бугун тунда содир бўладиганга ўхшаяпти. Миллий чемпионатлар бошланишига 5 кунгина вақт қолди. Аммо биз ҳамон юқори савияли футбол учрашувларидан баҳраманд бўлишда давом этмоқдамиз.

ИТА ТРЕН
Шахсий тахминларга асосланиб, бугун нидерландларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси ёки яна бир дуранг бўлишини кутмоқдаман. Имкониятлар 55-45.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!