Мураббий ниманидир ўзгартирмас экан... ёхуд Суперлигада сиз кутган ва кутмаган натижалар бошландими?
ФИФА кунлари муносабати билан миллий терма жамоамиз Саудия Арабистонида йиғин ўтказади ва ўртоқлик учрашувларида иштирок этади. Шу сабабли Суперлигамизда бироз танаффус эълон қилинди. Шу вақт ичида клублар яна тайёргарлик олиб борадилар ва айниқса, ортда қолган 3 та турдан кейин жамоалар мураббийлари кўпроқ яна нималар устида ишлаш борасида бош қотириб, камчиликларини тўғрилаш пайига тушиб оладилар.
Дарҳақиқат, Суперлигада 3 та тур ортда қолди. У ерда юзага келган танаффусдан кейин илк таассуротлар пайдо бўлаётгани ҳақиқат. Бу борада гап кетганда кутилган ва кутилмаган натижалар бошланди, дея мулоҳаза юритсак бўлаверади.
3-турдан сўнг турнир жадвалини қандай тасаввур қилгандингиз? Сиз кутган клублар ҳозир қаерда ва улар чемпионатни қандай старт билан бошладилар? “Мавсум-2023” бизга кутилмаган натижалар тақдим этишни бошлагани рост. Айниқса, амалдаги чемпион “Пахтакор”нинг кетма-кет иккита мағлубият билан стартга киришгани энг кутилмаган воқеа сифатида қайд этилмоқда. Бунақаси анчадан бери кузатилмаганди. Максим Шацких бош мураббий сифатида “Шерлар”ни ўтган йили чемпионликка етаклаб келганини биласиз ва жорий чемпионатда унга ўша чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган. Аввалига ўз уйида “Олимпик”га, кейин Фарғонада “Нефтчи”га ютқазиб қўйди. Мағлубиятлардан сўнг “Пахтакор” ўйини кўпчилик томонидан қизғин таҳлиллар қилинишига сабаб бўлди. Шацких ҳам танқидларга дучор бўлди. 3-турда “Навбаҳор”ни қабул қилди ва ушбу баҳс айниқса Шацких учун ниҳоятда муҳимлиги олдиндан аниқ эди. Бунгача наманганликлар ўз уйидаги кетма-кет иккита баҳсда рақибларини 3:0 дан тор-мор келтиришга улгурганди. Лекин “Пахтакор” марказий учрашувда бу сафар мухлисларини уялтириб қўймади. Бабаян жамоасига қарши беллашувда пахтакорчилар илк ғалабасини қўлга киритди. Фақат 3 та турдан кейин ўз дарвозасидан энг кўп гол ўтказган клублар 2 та бўлиб турибди. Булар – “Пахтакор” билан “Металлург”. Иккиси 6 тадан гол ўтказган бўлиб, ҳар бир учрашувга 2 тадан гол тўғри келмоқда. Бу “Пахтакор”нинг ҳимоясида муаммолар борлигидан дарак.
Барибир 3-турдан сўнг амалдаги чемпион турнир жадвалида етакчилик қилаётгани йўқ. Бунга ўша дастлабки иккита турдаги мағлубият сабаб. Турнир жадвалида эса бошқа клублар карвонбошилик қилаётганини кутганмидингиз? Айниқса, “Нефтчи” билан “Бунёдкор”нинг ишлари бошқаларникига қараганда беш бўлиб турибди. 3 та турда 100 фоизлик натижа қайд этиб дастлабки икки ўринни бўлишиб турибдилар. Фақат тўплар нисбатида озгина фарқ бор. “Нефтчи”да 7-1, “Бунёдкор”да эса 7-2. “Нефтчи”дан кўра, “Бунёдкор”нинг муваффақиятли стартини кўпчилик кутмаган бўлса керак. Чунки чемпионат олдидан у ерда раҳбарият ва мураббийлар штабида ўзгаришлар кузатилганди. Шунга қарамай, клуб ўз тарбияланувчилари ҳамда маҳаллий футболчилар билан натижани амалласа бўлишини кўрсатмоқда. “Нефтчи” Виталий Левченко бошчилигида яна фаворитлар қаторига қайта олди. Бош мураббий ўтган йили клубни қабул қилиб олганидаёқ жамоани ўзгартира олганди. Бу йил энди ҳаммаси бошқача кетяпти. “Пахтакор”ни мағлуб этгани фикримизни тасдиқлайди. Ҳозирда пешқадамликни қўлга олиши ҳақли тарзда эканлигини барча билиб турибди. Левченконинг жамоаси жуда тартибли ўйин кўрсатмоқда ва буни бошқа мутахассислар ҳам тан олишяпти. “Нефтчи” энди олдингидек оддий жамоа эмас, балки яна аввалги мавқеини тиклашга киришган клуб сифатида гавдаланмоқда.
Илк турда ўз майдонида кутилмаган мағлубиятга учраб барчани ажаблантириб қўйган “Насаф” кейинги иккита турда қийин ғалабаларни қўлга киритди. Кўриниб турибдики, “Насаф” аста-секин қўшиб бормоқда. Дарвоқе, турнир жадвалини қайси клублар якунлаб турганини биласизми? Про лигадан Суперлигага қайтган ва таркибини кучайтира олган “Турон”га ҳали ғалаба қозониш насиб қилгани йўқ. Энг ажабланарлиси, 3 та турдан сўнг “Сўғдиёна”дек жамоани ғалабасиз ҳолатда аутсайдерлар қаторига тушиб қолишини ўйлаганмидингиз? Бош мураббий Ёрқин Назаровга жуда қийин бўлаётгани сезилиб турибди. 3 та учрашувда 1 дуранг ва 2 мағлубият. Охирги турда “Нефтчи”ни қабул қилиб жавобсиз 2 та гол ўтказиб юборди. 4-турни Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўтказишини ҳисобга олсак, чиндан ҳам Назаров ва унинг жамоасига осон эмаслигини тушуниш қийин эмас. Ёрқин “Сўғдиёна”да ниманидир ўзгартирмас экан, унинг жамоаси учун вазият қийинлашиб бораверади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар