Мурод Исмоилов нега тўрт йиллик шартнома истаётгани ва "Турон"га қандай шамоллар учиргани ҳақида

Ўз вақтида “Пахтакор”, “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” жамоаларини бошқарган, охирги бор “Металлург” клубида бош мураббийга ёрдамлашган фарғоналик Мурод Исмоилов бироз танаффусдан сўнг яна футболга қайтди. Про-лигада ўз олдига катта мақсадларни қўйган “Турон” жамоасида иш бошлаганини айтиш жоиз. Қизиғи, ушбу клубни Мурод Исмоиловнинг ўғли Ислом Исмоилов бошқармоқда. Дадаси эса у ерда клуб академиясига бош-қош бўлиши ҳамда таҳлилчи мураббий сифатида ёрдам бериши кутилмоқда.

Мурод Исмоиловнинг “Турон”да иш бошлаши балки у қадар кутилмаган ҳолат бўлиб туюлмагандир. Чунки боя айтганимиздек, жамоанинг бош мураббийи унинг ўғли. Ўз навбатида катта Исмоилов Sports.uz мухбири билан мулоқотда аввало “Турон”га келиши қандай юз берганига тўхталди.

- “Турон” клуби раҳбарлари таклиф билан чиқишди. Бундан кўзланган мақсад, клуб академиясини шакллантириш, ёш, иқтидорли футболчиларни етиштириш ва жамоанинг ўйинларини таҳлил қилиш бўйича ҳам ўз таклифларини билдиришганди. Уйда бўш ўтиргандан кўра, уларга фойдам тегиб турсин, деган ниятда рози бўлдим. Клуб академиясидаги қурилиш ишлари энди бошланяпти. Раҳбарият эса академия қурилиши бошланишидан, ўз маслаҳатларингиз билан ўртоқлашиб, ишни бошидан туришингизни истаймиз, деган истакларини ҳам билдиришди. Тўғри, ўғлимнинг иш жараёнини бевосита кузатиш қизиқарли бўлади. Мен фақат маслаҳат беришим мумкин, аммо “Турон”нинг ўзи яхши шаклланган жамоа ҳисобланади. Лекин асосий жамоага аралашмайман. Кўпроқ академияни шакллантириш билан шуғулланаман. Керак бўлса, рақиб жамоанинг ўйинларини таҳлил қилиб беришим мумкин, - дея жавоб қайтарди Мурод Исмоилов.

исмоилов2_1

Асосан Суперлигада ишлашга одатланган мураббийнинг яна кучлилар орасида фаолият олиб бориши тахмин қилинаётганди ҳам. Чунки яқин-яқингача ҳам унга Суперлига клубларидан таклифлар бўлаётганлиги ҳақидаги хабарлар қулоғимизга эшитилиб турганди. Мазкур масалага унинг ўзи тўхталар экан, айрим муаммоли вазиятларни ҳам гапирди.

- Менга таклиф билан чиққан жамоалар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Мураббий қайсидир клубга борса ва ўша ердаги раҳбарият билан ҳамфикр бўладиган бўлса, ана ўшанда ишлагани яхши. Агар ҳамфикрлик бўлмаса, у ҳолда фақат мураббий айбдор бўлиб қоляпти. Аввало раҳбарият шундай қилиши керакки, таклиф этадиган мураббийни ҳар томонлама яхши ўрганиб чиқиб, кейин чақиришлари керак. Уларнинг фикрига ва фалсафасига қанчалик мос тушади? Мана шундай жиҳатларига ҳам эътибор қаратиш лозим. Мураббийни олиб келишдими, албатта уни қўллаб-қувватлашлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Биргина мураббийни ўзи нима қила олади? Агар мана шундай шартларни қўядиган бўлсангиз, унда ишлашингизни узоқ кутишингизга тўғри келади. Биласизми, шароитлар қилиб бера оладиган, сабр қила оладиган ҳамда камида тўрт йиллик шартнома таклиф қиладиган бўлишса, исталган клубга бориб ишлашга тайёрман. Ана ўшанда ҳамма нарсани изга сола оламиз. Футболни бошидан то охиригача қамраб оламиз ва шундагина мураббийнинг иши кўринади. Лекин “Турон” жамоасининг олий мақсади, раҳбариятнинг футболни яхши тушуниши мени у ерда иш бошлашимга туртки бўлди. Чунки бу ерда аниқ вазифа бор. Мен учун моддий томондан муаммо йўқ. Энг муҳими, иш берувчининг аниқ мақсади бўлиши керак. Ана шунда ишлашингиз арзийди. Ҳатто, шундай мураббийлар борки, бошқа ҳамкасбининг қачон ютқазиб, қачон кетишини пойлаб туришади. Биров ишлаётган жойга кўз олайтириш яхшилик аломати эмас. Шу боис ишлаётган мураббий иш жойида кафолатланиши лозим. Қолаверса, ёнидаги одамлар ҳам унга ҳайрихоҳ бўлиши муҳим. Акс ҳолда мураббийнинг бир ўзи ҳеч нима қила олмайди.

исмоилов3_1

Шунингдек, Мурод Исмоиловнинг собиқ клуби – “Металлург” “Локомотив” майдонида йирик ҳисобда ғалаба қозонганига ҳам эътиборини қаратар экан, бундан асло ажабланмаганини айтди.

- “Металлург”нинг ғалабасини кутгандим, ажабланганим йўқ. У ерда йўлга қўйилган ишларнинг самараси ўз натижасини кўрсатяпти. Боя айтган гапимга мисол, “Металлург”даги раҳбарият бош мураббийни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашяпти. Уларнинг фикри бир жойдан чиқади. Ўз вақтида бош мураббий билан футболчиларни саралаб олиш жараёнларида қатнашганман. Очиғи, жамоанинг ғалабасидан ҳайрон қолмадим, аслида бу табиий ҳол. Шунчаки, юз берадиган ҳолат эди. У ерда ҳамма бир жамоа сифатида яхши шаклланган. Бунгача ҳам “Металлург” кетма-кет икки йил бешинчи ўринни олганди, шу боис ҳаммаси табиий равишда юз беряпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!