Мухлислар Аргентина терма жамоасини ЖЧдан четлаштиришни талаб қилиб петиция тузишди
Аргентина терма жамоасини жаҳон чемпионатидан четлатишни талаб қилган онлайн петиция интернетда катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур петиция argentinaout.com сайтида жойлаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар уни 3,7 миллиондан ортиқ киши имзолаган.
Петиция матнида қайд этилишича, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ва ҳакамлар Лионель Месси ҳамда Аргентина терма жамоасига нисбатан "ошкора равишда ёқимли муносабатда" бўлмоқда. "Агар ғолиб олдиндан аниқ бўлса, қолган дунё чемпионатда нега иштирок этиши керак? Аргентина терма жамоасини мусобақадан чиқаринг ва бошқа жамоаларга тенг имконият беринг", — дейилади мурожаатда.
Интернет тармоқларида кўплаб футбол мухлислари ФИФА Аргентина жамоаси ғалабаси учун шароит яратаётгани ҳақида фикр билдириб келмоқда. Мисол сифатида Мессининг гуруҳ босқичида Алжирга қарши ўйинда қизил карточка олмагани ва плей-офф босқичида аргентиналикларга нисбатан нисбатан енгил рақиблар тўғри келгани тилга олинмоқда.
Плей-оффда Аргентина терма жамоаси 1/16 финалда қўшимча дақиқаларда Кабо-Верде жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. 1/8 финалда амалдаги жаҳон чемпионлари Мисрга қарши ўйинда 0:2 ҳисобида ортда келаётганига қарамай, 79-дақиқадан сўнг вазиятни ўнглаб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. 1/4 финалда эса Лионель Скалони шогирдлари қўшимча вақтда Швейцария терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
15 июль куни ярим финалда Аргентина терма жамоаси Англия жамоасига қарши майдонга тушади.

Фикрлар