Мухлислар “Реал” президентидан Роналдуни ортга қайтаришни сўради
"Реал" мухлислари клуб президенти Флорентино Пересдан "Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Криштиану Роналдуни сотиб олишни талаб қилмоқда, деб хабар беради AS.
Манбага кўра, "қироллик клуби" янги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида Лос-Анжелесга (АҚШ) етиб борган ва у ерда машғулот майдонига йиғилган мухлислар билан 15 дақиқа давомида учрашув ўтказган.
Қайд этилишича, мухлислар Мадрид клуби президентидан 37 ёшли португалияликни ортга қайтаришни сўрашган.
"Уни "Атлетико"га ўтишига йўл қўйманг!" - деди мухлислардан бири.
Перес бу сўзларга муносабат билдирмади, аммо бу гап бошқа мухлислар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
Эслатиб ўтамиз, Роналду 2009 йилдан 2018 йилгача "Реал" шарафини ҳимоя қилган. Олдинроқ "Атлетико" ҳужумчини ёзги трансфер ойнаси вақтида ўз сафига қўшиб олмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ўтган мавсумда Роналду “Манчестер Юнайтед”нинг барча мусобақалар доирасдаги 39 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 24 та гол ва 3 та голли узатмани ёздириб қўйган. Ҳужумчининг клуб билан шартномаси 2023 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.
Фикрлар