МЮни тарк этишни хоҳламагандим

ПСЖ ярим ҳимоячиси Андер Эррера "Манчестер Юнайтед"даги сўнгги мавсуми ва нима сабабдан клубни тарк этгани ҳақида сўзлаб берди. Испаниялик футболчи 2014/2019 йилларда "қизил иблислар" шарафини ҳимоя қилган эди.

"Ўтган йилга назар ташлайдиган бўлсам, мен "Манчестер Юнайтед"ни тарк этиш ҳақида ўйламаган эдим. Бироқ клуб раҳбарияти билан бир қанча масалаларда келишмовчиликлар юз берди, аммо ҳамон уларга бўлган ҳурматим сақланиб қолган.

МЮ мутасаддилари билан гапларимиз бир жойдан чиқмади, лекин бу футбол ва ҳар бир футболчи шундай вазиятга тушиши мумкин, шунинг учун бўлиб ўтган ишлардан афсусда эмасман. Эд Вудворд ва клуб эгалари билан муносабатларимиз доимо яхши бўлган, улар клуб учун катта ишларни амалга оширишмоқда", - дейди Эррера.

Goal нашри манбасига кўра, Эррера МЮдан ҳафтасига 350 минг евро талаб қилган, бироқ якунда томонлар ўртасидаги келишув амалга ошмай қолган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!