Наманган яна бир кубок баҳсларига мезбонлик қилади

Эртага Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг “Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг 2020 йил учун Республика календар режаси”га мувофиқ, футбол бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар терма жамоалари ўртасида "Ўзбекистон кубоги" мусобақаси бўлиб ўтади. Наманган вилоятида 2008 ва 2007 йилларда туғилган футболчилар ўртасида бўлиб ўтадиган мусобақаларга мезбонлик қилади. 20-25 октябрь кунлари 2008 йилда, 26-31 октябрда эса, 2007 йилда туғилган футболчилар ғолиблик учун баҳс юритади. Бу ҳақда болалар ўсмирлар ва оммавий футболни ривожлантириш бўлими телеграм каналида хабар берди.

Бугун 2008 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоалар Наманган вилоятига етиб келмоқда. Бевосита мусобақани ўтказишга Ўзбекистон футбол ассоцияцияси томонидан масъул етиб тайинланган Болалар, ўсмирлар ва оммавий футболни ривожлантириш бўлими бошлиғи Маъмур Саидқосимов ҳамда бўлим бошлиғи ўринбосари Отабек Кенжаев жамоалардан олдин Наманган шаҳрига етиб келди. ЎФA вакиллари куннинг биринчи ярмида Наманган вилоят футбол ассоцияцияси висе-президенти Шуҳрат Мирхолдиршаев ва НФA мутахассиси Ғолиб Aхунов ҳамроҳлигида Ўзбекистон кубоги баҳсларига мезбонлик қиладиган Тўрақўрғон туманидаги “Одил Жуниор” академияси стадионини кўздан кечириб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Наманган шаҳридаги 17-сонли “Навбаҳор-Умид” ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар футбол мактабида бўлишди. ЎФA ва НФA вакиллари футбол мактабида “C” лисензияси учун ўтказилаётган курс қатнашчилари билан ҳам учрашиб, улар билан суҳбат уюштиришди. Шунингдек, футбол мактабидаги майдонлар ҳам кўздан кечирилиб, футбол мактаби раҳбарияти ва мураббийларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон футбол ассоцияцияси вакиллари Наманган вилоят футбол ассоциациясига ажратилган бино ва хоналар билан ҳам танишди. Меҳмонларда ассоциацияда самарали тарзда ишлаш учун барча шарт-шароитлар яратилганлигини эътироф этишди. Шундан сўнг, Ўзбекистон кубоги мусобақасининг ташкилий гуруҳи ва учрашувларни бошқариш учун жалб этиладиган ҳакамлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда ЎФA вакиллари учрашувларни юқори савияда ўтказиш борасида йиғилиш қатнашчиларига тушунча бериб ўтишди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчи жамоалар мандатдан ўтишди. Кечки пайт эса, Ўзбекистон кубоги мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, катта футболида ҳам Намангандаги "Марказий" ўйингоҳ Ўзбекистон кубоги финалига мезбонлик қилиши белгиланганди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!