Намангандаги "имтиҳон", ҳамма кутаётган супер ўйин ёхуд Бабаян ва Шацких қарама-қаршилиги ҳақида
Суперлиганинг 16-турида кўпчилик томонидан “ йил ўйини” дея таърифланаётган учрашув бор. Наманганда “Навбаҳор” “Пахтакор”ни қабул қилади. Бу икки номнинг ўзи ортиқча анонс ёки рекламага эҳтиёжи йўқ. Шундоқ ҳам 10 август куни “Навбаҳор” марказий стадиони мухлислар билан тўлиб-тошади. Чемпионлик курашида бир-бирига асосий рақобатчиларнинг ўзаро ўйини ҳамма вақт эътибор марказида бўлиб келган.
Марказий тўқнашувга клублар очко йўқотишлар билан етиб келдилар. Айниқса, “Пахтакор”даги вазият мураккаброқ. Боиси, ўтган турда ўз майдонида “Нефтчи”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ундан олдин эса сенсацион тарзда Ўзбекистон Кубоги мусобақасидан чиқиб кетди. 1\8 финал босқичида про лига вакили Самарқандда “Динамо”га қарши учрашувда “Пахтакор” 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва мусобақани барвақт тарк этди. Кетма-кет иккита мағлубият “Пахтакор” мухлисларини ғазаблантириб юборди. Бош мураббий Максим Шацких ва айрим футболчилар томон танқид тошлари отиляпти.
Албатта, “Навбаҳор” ҳам ўтган турда қимматли икки очкони йўқотди. Бекободда “Металлург”га қарши беллашувда 1:1 ҳисоби кузатилди. Чемпионлик учун курашда йўқотилган ҳар бир очко кейинчалик ўз сўзини айтиши аниқ. Айни пайтда турнир жадвалида “Навбаҳор” 15 ўйинда 33 очко билан 1-ўринда боряпти. “Пахтакор” эса битта кам ўйин ўтказган ҳолда 31 очко билан 3-поғонадан жой эгаллаб турибди.
Бўлажак учрашув қандай ҳароратда ва қандай муросасизлик руҳи остида ўтишини олдиндан тасаввур қилиш қийин эмас. “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаяннинг фаолиятида “Пахтакор” алоҳида аҳамият касб этиши барчага яхши аён. Айниқса, бу баҳс чемпионлик йўлида муҳим ўйин эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Бабаян ҳам наманганлик ишқибозлар қаршисида қандай бўлмасин уч очкони қўлга киритиб турнир жадвалидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, чемпионлик учун курашда муҳим қадамни ташламоқчи.
“Пахтакор” ҳақида боя тўхталдик, “Шерлар” учун орқага йўл йўқ. Бош мураббий Максим Шацких “Нефтчи” билан баҳсда ҳакамга эътироз билдиргани учун қизил карточка билан майдондан четлатилган. Намангандаги учрашувда Шацких мураббийлар штабида ўтира олмайди. “Пахтакор” эса яна водий етакчиларидан бирига қарши ўйнайди.
Иккала жамоанинг ўйинлар тарихи ҳам мухлислар учун қизиқ. Чемпионат доирасида улар 65 бор майдонда тўқнаш келишган. Катта устунлик “Пахтакор” томонида. Боиси, “Навбаҳор” 13 марта, “Пахтакор” эса 40 маротаба ғалаба қозонган. Яна 12 та беллашувда кучлар тенг келган. Шунга яраша тўплар нисбатида ҳам тафовут катта. Наманганликлар 50 та гол урган бўлса, “Пахтакор”да бу рақам 107 тани ташкил қилмоқда.
Яна бир гап: “Навбаҳор” учун “Пахтакор”га қарши сўнгги йиллардаги ўйинлар у қадар кутилган натижани бермаяпти. Чунки наманганликлар ўз майдонида бу рақибини охирги бор 2018 йилнинг 28 июль куни енгган. Ўшанда 1:0 ҳисоби таблода порлаган. Ёдингизда бўлса, бу йил биринчи даврада Тошкентдаги учрашувда “Пахтакор”нинг қўли баланд келган – 2:1.
Хуллас, “Навбаҳор” “Пахтакор”га қарши охирги йиллардаги ғалабасиз сериясига бу сафар барҳам беришга қодирми? Бу борада уларда имконият етарли, энг яхши ўйинчилар ҳам “Навбаҳор”да. “Пахтакор эса Кубок баҳсида “Динамо”дан учралган мағлубиятдан кейин нокаут ҳолатига тушиб қолгандек. Ҳа, Шацких аввалига Абрамовга, кейин Левченкога таслим бўлди. Энди эса йўлида Бабаян турибди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар
пахтакор-2
Бўлгандику!!