"Нант"га қарши ўйинда супергол урган Рамос жисмоний ҳолати ва янги мураббийнинг тактик схемаси ҳақида гапирди
Хабарингиз бор, кеча ПСЖ Франция Суперкубоги доирасида "Нант" жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, янги мавсумни соврин билан бошлади.
Мазкур беллашувда Неймар дубль муаллифига айланди. Шунингдек, Рамос ҳамда Месси биттадан гол уришга муваффақ бўлди.
Испаниялик ҳимоячи Серхио Рамос урашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
Ғалаба ҳақида: "Биз ҳаммамиз хурсандмиз ва мен бу ерда эканлигимдан бахтиёрман. Биз ғалаба қозондик ва бир жамоа эканлигимизни кўрсатиб қўйдик. Назоратни ўз қўлимизда сақлаган ҳолда, ўйинда гол ўтказиб юбормадик. 4:0 ҳисобидаги ғалаба мукаммал футбол намойиш этганимиздан далолат. Бу менинг биринчи титулим ва биринчи голим. Мазкур оқшомдан жуда мамнунман. Бирлашишда ва тизимли футбол намойиш этишда давом этишимиз лозим. Биз жамоавий футбол кўрсатдик. Улардан бир бош устун ҳаракат қилдик ва тўпни яхши ушлаб тура олдик. Илк унвонимни қўлга киритганимдан хурсандман ва биз шу темпда давом этамиз".
Тактик схема ва ҳимоя ҳақида: "Янги схема ажойиб. Биз Кимпенбе ва Маркиньос билан биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим. Учаламиз ўтган мавсумда бирга ўйнаган пайтларимиз бўлди, аммо жуда кўп эмас. Биз ҳаракатланиш, бир-биримизни тушуниш ва автоматизм устида ишлаймиз. Ҳимоя барқарорлиги борасида қиладиган ишларимиз ҳали етарлича. Бироқ мазкур тизим бизнинг даражамизга мос. Ушбу тактик схема ҳужумкорликни оширади ва учта ҳимоячи билан ҳаракатланиш чиндай ҳам яхши самара беради".
Жисмоний ҳолат ҳақида: "Жуда хурсандман. Ўтган мавсум мен учун қийин кечди, аммо уни яхши якунладим. Мен жисмонан соғломман. Шу туфайли, менда футбол ўйнаш истаги ва завқи ҳар доим бор. Секин-асталик билан ўзимнинг энг яхши спорт формамга қайтяпман. Мавсумолди тайёргарлик ажойиб ўтди ва мен ўзимни яхши ҳис қиляпман. Бундай пайтларда кўпроқ ғалаба қозонишни истайсан".
Қайд этиш лозим, кечаги учрашувда парижликлар янги бош мураббий Кристоф Гальтье қўл остида 3-4-3 схемасида ҳаракат қилди. Ҳимоя марказида ҳаракат қилган Серхио тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Испаниялик ҳимоячи Париж клубининг Япониядаги турнесида ҳам фаол иштирок этди ва барча учрашувларда майдонга тушди.
Маълумот ўрнида, ПСЖ учун янги мавсум 7 август куни старт олади. Шу куни улар Франция чемпионати 1-тури доирасида "Клермон"га қарши баҳс олиб боради.
Фикрлар