"Насаф" футболчиси: "Ҳозир кетиш ҳақида ўйлаганим йўқ"
“Насаф”да доим бир-биридан қолишмайдиган, ажойиб футболчилар етишиб чиқади. Шунинг учун ҳар сафар ушбу клуб ўйинчиларига талаб кучли бўлади. Сир эмаски, бугунги кунда ҳам “Насаф” тарбияланувчиларига эътибор кучли.
Айниқса, ўтган мавсумни барқарор ва бир текисда ўтказган ҳимоячи Хусниддин Алиқулов яна эътибор марказида, десак янгилишмаган бўламиз. “Мавсум-2022”ни ҳам жуда ишонч билан ўтказди ва келажаги порлоқ эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди.
“Ўтган йил биз учун ёмон ўтмади, - дея ортда қолган чемпионатни эсга олди, Алиқулов - қайтанга, анча яхши десак бўлади. Ўзбекистон Кубогини ютдик, чемпионатда бронза медални қўлга киритдик. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтдик. Чемпионликни қўлдан бой берган бўлсак-да, мавсум ёмон кечмади, қониқдим. Ҳа, биз чемпионлик учун курашаётгандик. Ҳаммаси ўз қўлимизда эди. Лекин бу спорт. Кимдир ютади, кимдир ютқазади. Мен ҳеч нарсани ўйлаганим йўқ. Биз ҳар бир учрашув учун боримизни берамиз. “Пахтакор”га насиб қилган экан, чемпионликни улар қўлга киритди.
Ёдингиздами, бундан ташқари Алиқулов мавсумнинг ҳам энг яхши футболчилари қаторида номи эътироф этилганди. Бу эса чиндан ҳам “Насаф” ўйинчисининг меҳнатига яраша энг яхшилар қаторида номи тилга олинганини кўрсатади. Аммо энг яхши футболчи номинациясида Жамшид Искандеров ғолиб чиққанди. Алиқулов эса ўшанда тадбирга келмаганди ҳам.
“Авваламбор, Жамшид Искандеровни йилнинг энг яхши ўйинчиси бўлгани билан табриклайман. Ўшанда маросимга келмаганим сабаби акамни тўйи эди. Шу боис бора олмаганман”, - дея қисқача изоҳ бериб ўтди, Хусниддин.
Алиқуловга энди талаб ортиб боряпти. Ундаги истеъдод нафақат ўзимиздаги, балки хориж клубларини ҳам диққатини ўзига жалб қиляпти. Масалан, Грециянинг АЕК ва яна бошқа жамоалар унга кўз тикишаётгани хусусида маълумотлар йўқ эмас. Хусниддиннинг режаси қандай? АЕК ва бошқа қизиқишлар тўғрисида футболчи қуйидагиларни айтди:
“Ҳозир кетиш ҳақида ўйлаганим йўқ. Бор эътиборимни машғулотларга қаратганман. Олдимизда жиддий ўйинлар жуда кўп.
Ҳа, рост. Менга ҳам ушбу клуб қизиқаётгани ҳақида айтишганди. Аммо ҳозирча ҳеч гап йўқ”, - дейди Хусниддин Алиқулов.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар