Ислом Аҳмедов: "Футболчиларнинг даражасидан келиб чиқиб янада яхшироқ футбол кўрсатишга қодирмиз"
“Андижон”ни муваффақиятли бошқариб келаётган Ислом Аҳмедов ЎзПФЛ томонидан апрел ойининг энг яхши мураббийи дея эътироф этилди. Чунки бунга асослар етарли.
Суперлигада унинг бошчилигида жамоа 4 ўйинда 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди. Энди эса навбат Ўзбекистон Кубоги баҳсларига етиб келди.
Шу мақсадда клуб аъзолари ўз қароргоҳида тўпланишди ва машғулотга киришишди. Клуб матбуот хизмати эса Ислом Аҳмедов билан қисқача суҳбат ўтказди.
- Ислом Ғуломович, сизни ЎзПФЛ томонидан апрел ойининг энг яхши мураббийига айланганингиз билан самимий муборакбод этамиз. Бу борадаги муносабатингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Табрик учун раҳмат. Очиғи, биз шахсий ютуқлар учун ҳаракат қилмадик. Ҳаммаси жамоамизнинг манфаати, унинг ғалабалари учун қилинган сайъ-ҳаракатлар эди. Худога шукрки, юзимиз ёруғ бўлди. Буни ортида жуда катта меҳнат ётибди. Бу даражага чиқишимиз учун клуб раҳбарияти, барча ходимлар - тиббиёт вакиллари, администраторлар, қоʼйингки, қоровуллардан тортиб, мураббийлар штабию, футболчиларнинг ўзлари ҳам катта меҳнат қилишди.
- “Андижон” ўз қароргоҳида машғулотларга киришди. Олдинда эса жамоани Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги ўйинлар кутмоқда. Бўлажак баҳслар учун тайёргарлик режалари нималардан иборат?
- Дарҳақиқат, биз жамоамиз қароргоҳида йиғилиб, машғулотларни бошладик. Кубок учрашувлари учун тайёргарликларга киришдик. Биз максимал даражада юқори мақсадлари сари ҳаракат қиламиз. Айнан шу мезон бўйича тайёргарлик кўрамиз.
- Ҳаммамиз яхши биламизки, иккил муқаддам "Андижон" Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган. Бу йилги Кубок баҳсларида ҳам табиийки, “Андижон”да яна имконият мавжуд. Бу борадаги аниқ стратегия қандай?
- Ҳа, икки йил олдин “Андижон” жамоамиз Кубокни қўлга киритди. Шунинг учун хоҳлаймизми-йўқми, барибир мухлисларимиз томонидан ҳам яна ушбу мусобақада ғолибликни қўлга киритиш талаби қўйилади. Шу боис максимал даражада меҳнат ва ҳаракат қилиб, ҳар бир ўйинга ғалаба учун чиқамиз. Бунинг учун муносиб тайёргарлик олиб борамиз.
- Янги услубларни қўллаётганингиз учун ҳам натижалар ижобий кўриниш олмоқда. Мураббий сифатида бу жабҳада ҳар томонлама қониқиш ҳосил қиляпман, деб айта оласизми?
- Натижага келадиган бўлсак, қониқишимиз бор, ёмон эмас. Аммо ишлайдиган ишланмаларимиз, камчиликларимиз кўп. Чунки кўнглимиз тўлди десак ўсишдан тўхтаб қоламиз. Ҳали ўйинимизни яхшилайдиган тарафлари жуда кўп. Футболчиларимизнинг даражасидан келиб чиқиб, янада яхшироқ футбол кўрсатишга қодирмиз. Бундан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишга имкониятимиз бор. Бунинг устида иш олиб боряпмиз.

Фикрлар