“Насаф” клуби собиқ директори
Ads

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинлари сабаб миллий чемпионатда юзага келган танаффусдан фойдаланган ҳолда “Қўқон-1912” жамоаси футболчиларига қисқа муддатли таътил берилган эди. Жамоа аъзолари 8 октябрдан Тошкент шаҳрида навбатдаги ўйинларга тайёргарликни бошлаб юборишди.

Шу куни Тошкентдаги “Меҳнат” меҳмонхонасининг анжуманлар залида “Қўқон-1912” футбол клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби ҳамда жамоанинг барча футболчилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисни клуб президенти Бахтиёржон Толипов бошлаб берди.

- Жаомамизнинг охирги беллашувлардаги кўрсатган натижалари бизни ва мухлисларимизни мутлақо қониқтирмайди. Мавсумни яхши бошлаган эдик, мақсадимиз суперлиганинг кучли олтилигига кириш эди. Шунга яраша футболчиларга шароитларни яратишга қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Қўқондаги охирги ўйинлардаги қониқарсиз натижалар сабаб шу поғонага тушиб кетдик, – деди Бахтиёр Адилович.

Шунингдек, бош мураббий Нўъмон Ҳасанов ҳамда футболчилар Носир Отақўзиев, Мурод Ҳолмуҳаммедов ҳам сўз олиб, сўнгги ўйинлардаги натижалар ҳақиқатан ҳам қониқарсиз бўлганлиги, энди қолган ўйинларда максимал натижа учун майдонга тушишлари лозимлигини таъкидлашди. Футболчиларимиз мухлисларга мавсум бошида кўрсатган чиройли ўйинларини намойиш қилиб, йил якунида жамоанинг турнир жадвалидаги ўрнини яхшилашга ваъда беришди.

Шундан кейин клуб президенти Б.Толипов жамоага асли қўқонлик бўлган Виталий Николаевич Ни ёрдам бериши мумкинлигини, у Қаршининг “Насаф” жамоасида ишлаб катта тажриба ортирганини айтиб, Нини “Қўқон-1912” клуби техник директори этиб тайинлаганини эълон қилди.

Виталий Ни зиммасига жамоани қийин вазиятдан олиб чиқиб кетиш, келгуси мавсум учун селекция ишлари билан шуғулланиш, футбол академияси ташкил этиш ҳамда жамоанинг барча натижалари учун жавобгарлик вазифаси юклатилди. Шундан сўнг Виталий Николаевич сўз олиб жумладан шундай деди.

- Мени футболга кириб келишимда, футболдаги ҳаётимда Қўқон катта роль ўйнаган. Мен учун бу шаҳар бегона эмас ва жамоанинг натижаларини мунтазам равишда кузатиб келаман. “Қўқон-1912” жамоаси ҳозирги кунда турнир жадвалида ўзига мос бўлмаган ўринда. Келажакда жамоанинг Ўзбекистонда ўз ўрнига эга бўлиши учун бор куч ва имкониятим, тўплаган тажрибам ва билимимни сарфлашга ҳаракат қиламан. Ишонч учун жамоа раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Ўйламанки, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, албатта, кўзланган мақсадга эришамиз, – деди Виталий Ни.