"Насаф"дан бошқа ҳеч бир клуб билан гаплашишни хоҳламагандим, Рўзиқул Бердиев мен учун охиригача курашганди - Огнен Красич Қаршидаги фаолиятини эслади
“Насаф”да шу пайтгача кўплаб легионерлар ўйнаб кетган. Улар орасида эслашга арзийдиганлари ҳам бор, албатта. Булардан бири сербиялик Огнен Красич эди. У 3-4 йил аввал “Насаф” шарафини ҳимоя қилганди. Қаршилик мухлислар эса уни ҳалигача ширин хотиралар билан эслаб туришади.
Огнен жамоанинг плеймейкери эди ва айниқса голларга ассистентлик вазифасини қойилмақом тарзда бажариши билан кўпроқ ёдимизда қолганди. Қаршидан кетгач, у Сербия ва Арманистон чемпионатларида ўйнаганини айтиш мумкин. Куни кеча Огнен Красич билан алоқа ўрнатдик ва у Ўзбекистондаги фаолиятини эслаб, бир қатор масалалар бўйича гапирди.
- Огнен, сизнинг “Насаф”даги ўйинларингизни яхши эслаймиз. Бу клубдан сизда қандай хотиралар қолган?
- Ўзбекистонда яшаган ҳамда “Насаф” жамоасида тўп сурган даврларимни фақат яхши хотиралар билан эсга оламан. Биласизми, “Насаф”да ҳаммаси тўғри йўлга қўйилган ва у ерда ташкилий ишлар ҳам юқори даражада эди. Жамоадаги барча фақат ўз иши билан шуғулланарди. Оқибатда бу доим натижа келтирарди.
- Гапнинг очиғи, сизни “Насаф” клубида узоқроқ қолишингизни кутгандик. Бироқ кутилмаганда кетишингизга нима мажбур қилганди?
- Эҳтимол сиз ҳам билмассиз, бу ҳақида ҳеч қаерда ёзилмаганди. Ўзим ҳам клубдан янги шартнома кутаётгандим ва бундан умид қилаётгандим. Уйимга, Сербияга дам олишга учиб кетганимдан кейин деярли ҳаммамиз клуб билан келишувга эришгандик. Аммо кейинчалик у ерда нимадир ўзгариб кетди. Айнан нимада муаммо бўлганини сизга 100 фоиз ишонч билан айта олмайман.
- Ўзбек футболи ва “Насаф”ни кузатиш сиз учун қизиқарлими ёки...
- Жамоанинг бир-иккита ўйинини кўришим мумкин, аммо мен у қадар фанат эмасман. Албатта, натижаларни кузатиб бораман. Табиийки, “Насаф”нинг ғалабалар қозонаётганидан доимо хурсанд бўламан.
- У ердаги фаолиятингиз давомида эслашга арзигулик нимани айта оласиз?
- Бу ерга илк бор келган пайтимда бу мен кўп нарсани билмайдиган янги мамлакат эди. Лекин ҳозиргача Ўзбекистонда одамлар олийжаноб ва самимий эканлигини яхши эслайман. Мени худди эски қадрдонларидек жуда илиқ кутиб олишганини ҳалигача ширин хотиралар билан эслаб тураман. Жамоадаги бундай одамларни шаҳарда бошқа учратмадим. Менга қачон ёрдам керак бўлса, улар доим ёнимда бўлишган. Айтишим керакки, бундай илиқ муносабат ҳамиша юракка яқин бўлиб қолади.
- Фаолиятингизни тугатдингизми? Ҳозир нима иш билан бандсиз?
- Ҳозирча фаолиятимни якунламадим. Жамоам бор, аммо тўғри асосий лигада эмас. Менинг оилам ва икки нафар фарзандим бор. Уларсиз бирор жойга кетишни хоҳламайман.
- Чемпионатимизда сербиялик легионерлар анчагина. Улардан кимлар билан яқин муносабатдасиз?
- Сизларда ўйнаётган Дарко Станоевич билан Драган Черанни яхши биламан. Албатта, ушбу легионерларнинг муваффақиятларини кузатиб боряпман. Албатта, Черан ҳар томонлама ўзини кўрсатяпти. У Ўзбекистон футболи афсонасига айланяпти. Драган бунга 100 фоиз муносиб.
- “Насаф”дан кетганингиздан бери сизга юртимиздан яна таклифлар бўлдими?
- Агар адашмасам, менга қандайдир агентлар қўнғироқ қилишди ва Ўзбекистонга боришни таклиф қилишди, бу бир-икки йил олдин бўлганди. Ҳатто, қайси клубга таклиф қилишганини ҳам эслай олмайман. Тўғриси, “Насаф”дан ташқари бошқа ҳеч бир клуб билан гаплашишни хоҳламагандим.
- Собиқ жамоангизда кимлар билан алоқада бўлиб турасиз?
- Ҳозирда “Насаф”да ҳеч ким билан гаплашмаяпман. Орадан анча вақт ўтди ва табиийки, кўп нарсалар ўзгариб кетди.
- Бош мураббий Рўзиқул Бердиевга қандай таъриф берасиз?
- Бердиев билан муносабатларимиз жуда яхши бўлган. У жамоани шакллантирди. Айнан бош мураббийнинг кўрсатмалари ва тактикалари натижа келтирди. Мен айнан клубда бўлган давримни назарда тутиб айтяпман. Ҳатто “Насаф”да қолмаслигим маълум бўлган пайтда ҳам у доим мен билан алоқада бўлган ва мен учун курашган.
Фикрлар