"Насаф"дан дараклар

Аввал хабар қилганимиздек, жамоамиз  шу кунларда янги мавсум тайёргарликларининг иккинчи босқичини Қарши шаҳридаги ўз қароргоҳида давом эттирмоқда.

Албатта, барча мухлисларни жамоамиз таркибидаги ўзгаришлар диққат марказида бўлиб турибди.

Жамоамиз сафида фаолият юритган ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев жамоамизни тарк этган. У энди Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси таркибида фаолиятини давом эттиради. Ўз ўрнида Шуҳрат Муҳаммадиевга клубимиз ва барча мухлисларимиз номидан ютуқларимизга қўшган ҳиссалари учун каттадан-катта ташаккурлар билдириб қоламиз. Ш.Муҳаммадиевнинг кейинги фаолиятига улкан зафарлар тилаймиз.

 

Шунингдек янги мавсумдан жамоамиз сафида Азамат Алланиёзов, Ильдар Маматказинлар ҳам фаолият юритмайдиган бўлишди. Бу футболчилар энди бошқа клубларда тўп тепади.

Қолган барча маҳаллий футболчиларимиз билан янги шартномалар тузилди. Шунингдек янги мавсумдан жамоамизнинг асосий таркибида бир қатор ёш футболчилар ҳам тўп тепишади. Бунга Ислом Кенжабоев, Наврўзжон Изатиллаевларни мисол тариқасида айтиш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда клубимиз қошидаги футбол мактабидан кўплаб иқтидорли ёш  футболчилар етишиб чиқмоқда. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бундай ёш  футболчилар бу йилги футбол мавсумида футбол ишқибозларининг эътирофига сазовор бўлишади.

Легионер футболчиларимиз Драган Черан ва Игор Голбанлар янги мавсумда ҳам жамоамиз шарафини ҳимоя қилишадиган бўлишди. Бу футболчилар билан ҳам янги шартномалар имзоланган. Яна бир легионеримиз Огнен Красич билан яқинда  ўзаро  келишувга эришилди. У шу кунларда жамоамиз таркибига келиб қўшилади.

Жамоамиз режага кўра, 7 январ куни хорижий йиғинга жўнаб кетади. У ерда икки ҳафта мобайнида янги мавсум тайёргарликларининг учинчи босқичи бўлиб ўтади. Ана шу тайёргарлик жараёнида мураббийларимиз янги футболчиларни ҳам кўрикдан ўтказиши мумкин.

Мураббийларимиз хорижий йиғин мобайнида 6та ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказишни режалаштиришган. Бу ҳақда кейинроқ тўлиқ маълумот берамиз.  

"НАСАФ" ФК матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!