"Насаф"дан камбэк! "Аждарлар" Бухорода ўз титулини ҳимоя қилади

Ўзбекистон Кубоги ярим финалидан ўрин олган дастлабки ўйин ниҳоясига етди. Унда "Насаф" ўз майдонида АГМК устидан ғалаба қозонди, 2:1.

Дастлаб, олмалиқликлар ярим ҳимоячиси Сияваш Ҳақназари ҳисобни очди. Биринчи бўлим сўнгида Ғолиб Ғайбуллаев мувозанатни тиклади. Иккинчи таймда Алибек Давронов дарвозани ишғол этиб, жамоасини финалга олиб чиққан гол муаллифига айланди.

Шу тариқа, амалдаги чемпион "аждарлар" ўз совринини Бухоро шаҳри мезбонлик қиладиган ҳал қилувчи беллашувда ҳимоя қилиш имкониятини қўлга киритди. 

Иккинчи финалчи номи "Навбаҳор" - "Сўғдиёна" ўйини орқали аниқланади. 

  • Ўзбекистон кубоги
  • 1/2 финал

Насаф

  • Ғолиб Ғайбуллаев 45+3'
  • Алибек Давронов 60'
2 : 1

13/10/2022 19:30

OKMK

  • Сияваш Ҳақназари 37'

  • 90+6'

    Учрашув ниҳоясига етди! "Насаф" финалда!

  • 90+5'

    "Насаф"нинг тезкор қарши ҳужуми Норчаевнинг муваффақиятсиз зарбаси билан якунланди.

  • 90+4'

    Ғайбуллаев рақибига нисбатан қоида бузди. Стандарт вазият олмалиқликларда.

  • 90+2'

    Мираҳмадовнинг кучли зарбасидан сўнг тўпни дарвозабон қайтарди.

  • 90'

    Иккинчи таймга 5 дақиқа қўшилди.

  • 90'

    Хуршид Ғиёсовнинг зарбаси ҳимоячилардан ўтмади.

  • 88'

    Умар Эшмуродов ўз ўрнини Ален Машовичга бўшатиб берди.

  • 87'

    Алибек Давроновга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

  • 86'

    Мартин Боакье ҳамда Сияваш Ҳақназари ўрнига Миржаҳон Мираҳмадов ва Миржамол Қосимов ўйинга қўшилди.

  • 84'

    "Аждарлар" тезкор қарши ҳужумга ўтиш имкониятидан фойдаланмади, кўриниб турибдики, ҳисоб уларни қониқтирмоқда.

  • 82'

    Мезбонлар кўпчилик бўлиб ҳимояланмоқда. Натижада, орқа чизиқда бўш ҳудудлар деярли қолмаяпти.

  • 81'

    Жарима майдони ичида шериги узатган тўпни тўхтата олмаган Аҳмадалиев жамоасига панд берди ва ҳужум бесамар якунланди.

  • 79'

    Ғиёсовнинг яқин масофадан берган зарбаси кучсиз чиқди, Ғайбуллаев тўп йўлига блок қўйишга улгурди.

  • 79'

    Бердиев яна иккита ўзгаришга қўл урди: Лима Круз ва Акмал Мозговой майдонни тарк этди. Суҳроб Нуруллоев ҳамда Муродбек Раҳматов уларнинг ўрнини тўлдиради.

  • 77'

    Санжар Турсуновнинг зарбасидан сўнг тўп ҳимоячилардан ўтмади.

  • 76'

    Қосимов илк ўзгаришни амалга оширди: Абдуллаев ва Гадоев ўрнига Турсунов ҳамда Ҳасанов майдонга тушди.

  • 75'

    Матеус Лима Круз майдонда ётибди. Унга тиббий ёрдам керак.

  • 74'

    Марко Станоевичнинг кучли зарбасини дарвозабон қайтарди.

  • 73'

    Мозговойдан тўпни қабул қилиб олган Норчаевнинг зарбасига аниқлик етишмади.

  • 72'

    "Кончилар" марказда тўпни назорат қиляпти. "Насаф" қарши ҳужумда ўз фурсатини пойламоқда.

  • 70'

    Муҳитдиновнинг олис масофадан берган зарбасига аниқлик етишмади.

  • 69'

    "Марказий"га йиғилган мухлислар тинимсиз қўллаб-қувватлаб турибди.

  • 67'

    Қосимов шогирдлари қанотларни фаол ишлатишга уриняпти.

  • 65'

    АГМК голга реакция билдира олмади. Мезбонлар тартибли ҳимояланяпти.

  • 63'

    "Насаф" ижросидаги яна бир бурчак зарбаси хавфли чиқди, аммо ҳимоячилар тўпни узоқлаштиришни уддалади.

  • 62'

    "Аждарлар" ҳисобда олдинга ўтиб олгандан кейин ҳам фаолликни давом эттирмоқда. Норчаевнинг ўткир бурчакдан берган зарбасини дарвозабон катта қийинчилик билан қайтарди.

  • 60'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛ! Алибек Давронов!

    Жарима майдонига оширилган тўпни Алибек дарвозага жойлаб қўйди.

  • 58'

    Бердиевдан иккита юриш: Насруллаев ва Саитов ўрнига Муҳитдинов ҳамда Абдираҳматов майдонга тушди.

  • 56'

    Абдуллаевга шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатди.

  • 55'

    Гадоевнинг зарбасидан сўнг Неъматов тўпни ушлаб олди.

  • 54'

    Кутилганидек, қаршиликлар позицион ҳужумга, олмалиқликлар қарши ҳужумларга эътибор қаратяпти.

  • 53'

    Марконинг уриниши анча ноаниқ кетди.

  • 52'

    Жарима майдони остонасида Насруллаев йиқитилди. Қулай имконият.

  • 50'

    "Аждарлар" қанотларни фаол ишга солган ҳолда олдинга ўтмоқда.

  • 48'

    Абдулла Абдуллаев олис масофадан ўз омадини синаб кўрди, ноаниқ.

  • 46'

    Иккинчи бўлимга старт берилди!

  • 46'

    Футболчилар майдонга қайтди. Биз ҳам қайтамиз!

  • 45+4'

    Биринчи тайм ниҳоясига етди. Танаффус!

  • 45+3'

    ГООООООЛЛЛЛЛЛ! Ғолиб Ғайбуллаев!

    Жарима майдонига оширилган тўпни ҳимоячи дарвозага аниқ йўллади.

  • 45+2'

    Тайм сўнги мезбонларнинг устунлиги остида кечмоқда.

  • 45'

    Ўйиннинг биринчи бўлимига 3 дақиқа қўшилди.

  • 45'

    Ботиралидан дабл сейв! Эргашев аввал Ҳусаиннинг, сўнгра Лиманинг яқин масофадан берган зарбасини қайтарди.

  • 44'

    Ғолиб шифокорларнинг тиббий ёрдамидан сўнг ўрнидан турди, у ўйинни давом эттира олади.

  • 43'

    Жарима майдони ичида Филипосян ҳамда Ғайбуллаев тўқнашиб кетди. Қаршиликлар пенальти сўрамоқда, ҳакам ҳозирча жим.

  • 42'

    "Аждарлар" бурчакдан тўпни ўйинга киритиш имкониятини қўлга киритди. Тўп ёнида Марко.

  • 40'

    Таянч зонасида ўйнаётган Эшмуродов тўпдан қутилишга кечикди ҳамда вазият бой берилди.

  • 39'

    "Насаф" голга реакция билдириш мақсадида олдинга ўтди. Фойдасиз.

  • 37'

    ГООООООЛЛЛЛЛ! Ҳақназари ҳисобни очди!

    Олмалиқликларнинг қарши ҳужумидан сўнг жарима майдони ичида бўшлиққа эга бўлган эронлик футболчи дарвозани ишғол этди.

  • 36'

    Жамоасининг яхши ташкил этилаётган ҳужумини Гадоев ўта ноаниқ зарбаси билан барбод қилди.

  • 34'

    Мартин бу сафар офсайдда қолиб кетди.

  • 33'

    Боакье узоқ масофадан ноаниқ зарба берди. Навбатдаги ҳужум муваффақиятсизлик билан якунланди.

  • 32'

    Сияваш Алибекнинг оёғини босиб олди. Давроновга шифокорлар ёрдам зарур.

  • 30'

    Гиорги Папаванинг олис масофадан берган зарбасига аниқлик етишмади.

  • 29'

    Ғиёсов бурчакдан тўпни тўғри дарвозага йўллади. Алиқулов яна жамоадошлари жонига ора кирди.

  • 27'

    Ҳусниддин ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бирдек фаоллик кўрсатяпти. Бу сафар у жарима майдони ичидаги Ҳақназарини тўхтатди.

  • 26'

    Бурчакдан етказиб берилган тўпни Раҳмонов дарвозага йўллади, ноаниқ.

  • 24'

    Ғиёсов ҳакам билан, Раҳмонов рақиб футболчилари билан кўп тортишяпти.

  • 23'

    Беллашув ўртача темпда давом этмоқда. "Аждарлар" нисбатан фаолроқ.

  • 22'

    Алиқуловнинг зарбасидан сўнг Ботирали сейв ижро этди. Қайтган тўпни Ҳусаин дарвозага кирита олмади, қулай имконият кўкка совурилди.

  • 20'

    Футболчилар бироз келиша олмай қолди. Вазиятга ҳакам аралашди.

  • 19'

    "Кончилар" ижросидаги узатмаларнинг аксарияти ноаниқ ва манзилга етиб бормаяпти.

  • 17'

    Шерзод Насруллаевнинг бош билан йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади.

  • 15'

    Жамоадоши оширган тўпни Боакье тўхтата олмади. Алиқулов вазиятни бартараф этди.

  • 14'

    Темур Тўхтасинов яна ВАРдаги шерикларини эшитди ва офсайд бўлганини тасдиқлади.

  • 13'

    Мартин Боакье жарима майдони ичида йиқилиб тушди. Ён ҳакам уни ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган деб топди.

  • 12'

    Сўнгги дақиқаларда Қосимов шогирдлари бироз фаоллашиб қолди. Аммо жарима майдонига узатилган ҳар икки узатмага ҳеч ким ета олмади.

  • 11'

    Меҳмонлар легионери Сияваш Ҳақназари тинмаяпти. Рақиб ҳужумини бузишда ҳам, жамоаси олдинга ўтганда ҳам.

  • 10'

    Рақиб жарима майдонига етиб келган Умар Эшмуродов ўрта масофадан анча ноаниқ зарба берди.

  • 9'

    Тўпни назорат қилаётган қаршиликлар кўпроқ Лима манзили томон узун пасларга урғу беряпти.

  • 7'

    Дилшод Аҳмадалиевга тиббий ёрдам кўрсатилди.

  • 6'

    Ғолиб Ғайбуллаевнинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 6'

    Видеотакрорлардаги шеригини эшитган рефери ўйинни давом эттиришга рухсат берди.

  • 6'

    Тўп дарвоза яқинида Филипосяннинг қўлига тегди. Ҳакам ВАРни тингламоқда...

  • 5'

    Жарима майдони ичида Лима Круз йиқилиб тушди. Тўхтасинов унга ўрнидан туриши кераклигини таъкидлади.

  • 3'

    Бердиев шогирдлари кўпчилик билан прессинг уюштиряпти. 

  • 1'

    Илк ҳужум мезбонларда: Насруллаевнинг қанотдан оширган тўпини ҳимоячилар қайтарди.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

  • 0'

    Сардорлар ва ҳакамлар иштирокидаги расмий жараёнлар ортда қолди. Старт учун барчаси тайёр!

  • 0'

    Ўйин қаҳрамонлари стадионга тушиб келди.

  • 0'

    Қаршида ҳаво ҳарорати айни футбол ўйнайдиган даражада! 

  • 0'

    Ўйин стартига бир неча дақиқа бор, аммо "Марказий"га жам бўлган мухлислар ўз суюклиларини қўллаб-қувватлашни бошлаб юборди.

  • 0'

    Ассалому алайкум, қадрли футболсевар дўстлар!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсунов Рамазон
13/10/2022 22:11
Хакам тугри олиб борсауйинни Насаф кубокни хамолади.Чемпиен хам булади.Насаф чемпиен олга Насаф олга Рузикул биз мухлислар сизла билан фахирланамиз.Олга Кашкадарё бизнифахримиз.
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
13/10/2022 21:32
Nasaf. har taraflama kuchli ekan. lekin. AGMK ham. ohiriga yoqotadigan narsasini qolmaganidan keyin hujimga zur utdi. shunchaki Nasaf zaminadakila Sharof kup hato qildida. bulmasa bemolol. yana ursa bulardi.