"Насаф"ни фақат водий клублари тўхтата олади...
Чемпионлик учун курашаётган Қаршининг “Насаф” клуби Суперлига тугашига икки тур қолганида қоқилди. Жорий йилги чемпионатда “Насаф” жамоаси икки марта ютқазди. Энг қизиғи, иккала мағлубияти водий етакчилари – “Навбаҳор” ҳамда “Нефтчи”га қарши учрашувларга тўғри келди.
2 август куни, 14-тур доирасида “Насаф” Қаршида “Навбаҳор”ни қабул қилди ва ўша беллашувнинг 7-дақиқасида Асадбек Собиржоновнинг голи ўйин тақдирини ҳал қилганди. 7 ноябрда эса 25-тур баҳслари ўтказилди ва унда “Насаф” иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди, бу сафар “Нефтчи”дан. Иззатилла Абдуллаевнинг 85-дақиқада урган голи фарғоналикларга қимматли уч очкони келтирди. Қолаверса, “Насаф”нинг чемпионлик йўлидаги имкониятларини бироз пасайтирди.
Кўриб турганингиздек, Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги “Аждарлар” Суперлигада “Навбаҳор” билан “Нефтчи”га Қаршидаги ўйинларда бир хил ҳисобда мағлубиятга учради. Ҳозирча чемпионат доирасида ушбу икки клубдан бошқаси “Насаф”ни мағлуб эта олгани йўқ.
Фикрлар