"Насаф"нинг тақдири АГМК жамоасига боғлиқ (батафсил)
АГМК ўтган мавсумдаги қўлга киритган натижалари ва ОФК талаби доирасида лицензиялаш мажбуриятларини тўлиқ бажаргани учун янги мавсумда ОФК байроғи остидаги халқаро мусобақада қатнашиш хуқуқини қўлга киритди.
Олмалиқликлар ОЧЛ саралаш босқичи орқали гуруҳ беллашувларига йўлланма олишга ҳаракат қилади. Саралаш доирасида дастлаб, ўтган йилги натижаларга кўра, Ироқнинг иккинчи жамоаси бўлган «Ал-Қува Ал-Жавия» билан сафарда беллашади. Агарда ушбу тўсиқдан ўтиш уддаланса, кейинчалик плей-офф босқичида Қатарнинг тўртинчи жамоаси бўлган «Ал-Гарафа» билан гуруҳ босқичи йўлланмаси учун яна меҳмонда беллашади.
АГМКнинг бўлажак рақиблари — «Ал-Қува Ал-Жавия» айни пайтда Ироқ чемпионатида 12-турдан кейин 22 очко жамғарган ҳолда 3-ўринни эгаллаб турибди. Эҳтимолий кейинги рақиб Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси эса 11-турдан сўнг 22 очко тўплаган ҳолда 2-поғонани банд этмоқда.
Миржалол Қосимов шогирдлари ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олмаган тақдирда ҳам янги мавсумда халқаро мусобақада иштирок этади. ОЧЛ саралаш босқичидан муваффақиятли ўтилмаган тақдирда, жамоа иштирокни ОФК кубоги гуруҳ босқичида давом эттиради.
Олмалиқликлар ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқадиган бўлса, унда ОФК кубогида юртимизнинг бошқа клуби - Қаршининг «Насаф» жамоаси қатнашади. Яъни, АГМК ОЧЛ саралашидан муваффақиятли ўтгандагина, қаршиликлар ҳам халқаро майдонда ўйнаш имкониятига эга бўлади.
ОЧЛ ва ОФК кубогининг янги мавсумига қуръа ташлаш маросими ва ўйинлар санаси эса кейинроқ ОФК томонидан эълон қилиниши кутилмоқда.
Фикрлар