"Навбаҳор" - "Насаф": Финал учрашуви учун чипталарни қандай қилиб сотиб олиш мумкин? (тўлиқ маълумот)
30 октябрь куни бўлиб ўтадиган “Навбаҳор” ва “Насаф” клублари ўртасидаги Ўзбекистон кубогининг финал ўйини 17:00 да старт олади. Ўйинолди тадбирлар мазкур ҳаволада кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси финал чипталари савдоси шаффофлигини таъминлаш мақсадида борасида "iTicket" билан ҳамкорлик қилади. Чипталар 25 октябрь — сешанба кунидан бошлаб сотувга чиқарилиши режалаштирилган. Бунда чипталар онлайн ҳамда оффлайн тарзида сотувга қўйилади.
Номинал мезбон сифатида ҳаракатланувчи “Навбаҳор” клуби мухлисларига 12, 13, 14 ва шу кетма-кетликда клуб логотипи кўрсатилган секторлардан чипта харид қилиш тавсия этилади. Номинал меҳмон ҳисобланувчи “Насаф” клуби мухлислари эса 6, 7, 8 ва жамоа логотипига яқинроқда жойлашган қолган секторларни танлаш тавсия этилади. 9, 11, 10A ҳамда 10B секторлар чипталари Бухоро шаҳрининг ўзида нейтрал мухлислар учун савдога чиқарилади. Стадионнинг VIP майдонларига туташ секторлар учун чипталар савдоси онлайн амалга оширилиши режалаштирилган.
Қашқадарё ҳамда Намангандан ташриф буюрувчи футбол мухлисларига қулайлик яратиш мақсадида чипталар “Насаф” ва “Навбаҳор” стадиони кассалари орқали ҳам сотувга чиқарилиши мумкин. ЎзПФЛ ҳар икки клубни "iTicket" билан боғлаш орқали бунга эришишни мақсад қилган. Яъни, клублар ўз мухлисларига қулайлик яратиш мақсадида юқорида тавсия этилган секторлар чипталарини "iTicket" ёрдамида ўз стадионларига чақиртириши мумкин бўлади.
Футбол мухлисларидан чипталар масаласига жиддий ёндашиш сўралади. Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда ЎзПФЛ ҳамда "iTicket" футбол мухлисларига финал учрашувини мавжуд регламент ҳамда қонун-қоидалардан четлашмаган тарзда кузатиб бориш лозимлигини эслатиб ўтади. Чипталарда "QR-code" борлигини инобатга олган ҳолда сотиб олинган чипталар бегона шахслар қўлига тушиши ёки мазкур чипталарни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш тавсия этилмайди.
Финал чипталари CIP секторлар учун 75 000 сўмдан сотилади. Шунингдек, тоифасига қараб 35 000, 30 000 ҳамда 25 000 сўмлик чипталар савдоси амалга оширилади.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар