Ҳусанов эътибор марказида, Эрондаги легионерларимизнинг ҳолати қандай?
Хориж чемпионатларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар ўз клублари сафида навбатдаги учрашувларини ўтказди. Айни пайтда Англия, Туркия, Эрон, Озарбайжон ва БААда фаолият олиб бораётган легионерларимизнинг ўйинларига назар ташлаймиз.
Дастлаб, Англиядан бошлаймиз.
"Манчестер Сити" шарафини ҳимоя қилаётган Абдуқодир Ҳусанов учун ўтган ҳафта эсда қоларли бўлди. Ҳимоячи ўз туғилган кунини нишонлади. Шу муносабат билан унинг жамоадоши Эрлинг Ҳоланд ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳазиломуз тарзда пост жойлаб, Ҳусановни “5 ёшинг билан” дея табриклади.
Шунингдек, клуб афсоналаридан бири Серхио Агуэро ҳам Ҳусановнинг ўйини ҳақида илиқ фикрлар билдирди:
“Бу йил у жуда яхши ўйинлар ўтказяпти. Ҳусанов одатий мослашув жараёнидан ўтди ва энди бунинг натижаларини кўряпмиз.
Абдуқодир кучли, жуда тезкор ва якка курашларда ғалаба қозонади. Ҳали ёшлигини инобатга олсак, демак ‘Манчестер Сити’da кўп йиллар ўйнайдиган ажойиб ҳимоячи борлиги аён бўлади", — деди аргентиналик ҳужумчи.
Бироқ АПЛнинг 28-турида "Лидс"га қарши баҳсда ҳамюртимиз захирада қолди. Учрашувда “шаҳарликлар” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Сўнгги ўйинларда Хосеп Гвардиола марказий ҳимояда Геҳи ва Диаш жуфтлигига кўпроқ ишонч билдирмоқда.
Энди Туркияга ўтамиз.
"Истанбул Башакшеҳир" сафида ҳаракат қилаётган Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасининг 24-тури доирасида "Коняспор"га қарши учрашувни асосий таркибда бошлади. Баҳс 2:0 ҳисобида "Башакшеҳир" фойдасига якунланди.
Ҳар икки футболчимиз 90 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилди. Улар гол ёки ассист қайд этмаган бўлса-да, ўйиннинг энг фаол футболчилари қаторида бўлди. Ҳужумларни ташкил қилиш ва вазиятлар яратишда айниқса фаол иштирок этишди.
Sofascore нашри Файзуллаевнинг ўйинини 7.4 баллга, Шомуродовникини эса 7.3 баллга баҳолади. Учрашувдан сўнг бош мураббий Нури Шаҳин Элдор Шомуродов ва Давид Зельке жуфтлигини алоҳида эътироф этди.
“Аввало, Зельке ва Шомуродов яхши ўйнаётганини айтишим керак. Менда тўрт нафар жуда яхши савиядаги ҳужумчи бор. Уларни майдонда кўришни истайман. Шунинг учун шу схемани танладик.
Элдорнинг интеллектуал салоҳияти Зелькенинг ишини анча енгиллаштиради. Шу билан бирга, Зелькенинг жисмоний кўрсаткичлари ва бош билан ўйнаши Шомуродовга ҳам катта ёрдам беради. Улар яхши дуэтга айланди. Элдор ва Дэви бир-бирини яхши тўлдирувчи икки футболчи.”
Айни пайтда "Башакшеҳир" 39 очко билан турнир жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди.
Эрондаги футболчиларимизнинг вазияти қандай?
Эронда 5 нафар ўзбекистонлик футболчи фаолият юритмоқда. Рустам Ашурматов ва Жалолиддин Машарипов тўп сураётган "Истиқлол" 27 февраль куни навбатдаги баҳсда "Файр Сепаси" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ашурматов учрашувни асосий таркибда бошлаб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.
28 февралдан бошлаб мамлакатдаги сиёсий вазият кескинлашгани сабабли чемпионат вақтинча тўхтатилди. Бу ҳолат мухлислар орасида легионерларимиз хавфсизлиги борасида хавотир уйғотди.
Маълумотларга кўра, Рустам Ашурматов, Одил Ҳамробеков, Остон Ўрунов ва Игорь Сергеевнинг ҳолати яхши, улар хавфсиз жойда. Жалолиддин Машарипов эса айни пайтда Италияда жароҳатини тиклаш билан шуғулланмоқда.
Озарбайжон ва БААдаги легионерларимизга фаолиятига тўхталамиз:
Озарбайжон чемпионатида "Сабаҳ" сафида ҳаракат қилаётган Умарали Раҳмонналиев 22-тур доирасидаги "Қорабоғ"га қарши марказий учрашувни илк дақиқалардан бошлади. Голларга бой ўтган баҳс 3:3 ҳисобида якунланди. Ҳозирда "Сабаҳ" 53 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
БААда эса икки ўзбек футболчиси тўп сураётган "Ал Батаеҳ" ва "Банияс" жамоалари ўзаро тўқнаш келди. "Ал Батаеҳ" сафида Азиз Ғаниев тўлиқ ўйин ўтказди ва Sofascore томонидан 7.4 баллга лойиқ кўрилди. Отабек Шукуров эса "Банияс" қайдномасига киритилмади ва учрашувни ўтказиб юборди.
Шу тариқа, легионер футболчиларимиз яна бир ҳафта давомида турли чемпионатларда фаол иштирок этишди.
Фикрлар