“Навбаҳор” - "Олимпик" ўйинида кимнинг имконияти юқори? "Зомин" мураббийидан жавоб

Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи 2-тури доирасидаги “Зомин” – “Навбаҳор” (1:2) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Асқар Умаров ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди. Бу ҳақда наманганликлар матбуот хизмати хабар берди.

- Албатта, жуда чиройли ўйин бўлди. “Навбаҳор” жамоаси ўз тажрибасини кўрсатди, бизга эса бироз тажриба етишмади. Асосийси, бундай учрашувлар биз учун дарс бўлади. Камчиликлар устида ишлаймиз, - деди Асқар Умаров.

- Бугун шогирдларингиз тажрибали рақибга муносиб қаршилик кўрсатишди. Уларни қандай руҳлантирдингиз?

- “Зомин” жамоаси мухлислар учун ўйнайди, улар бугун ҳам футболчиларимизни қўллаб-қувватлаб туришди. Кийиниш хонасида йигитларга астойдил ҳаракат қилишлари кераклиги, “Навбаҳор” таркибида ҳам ўзларига ўхшаган ўйинчилар тўп тепишини тушунтирдик. Суперлигада ишлаётган мураббийлар қаршисида ўзларини кўрсатишлари кераклигини таъкидладик. Улар айтганимизни бажаришди, шогирдларимга ҳаракатлари учун раҳмат айтаман.

- Жамоангизга “Олимпик”ка қарши кечган аввалги учрашувда нима етишмади?

- Ўша баҳсда тезкор гол ўтказиб юборганимиз бизга панд берди. Иккинчи бўлимда вазиятни ўнглашга уриндик, аммо вақт етмади.

- Кейинги турда ўтадиган “Навбаҳор” – “Олимпик” ўйини ҳақидаги фикрингиз қандай?

- “Навбаҳор”да катта тажриба бор, айнан тажриба ўз сўзини айтса керак, деб ўйлайман. Ўз навбатида, “Олимпик” жамоасига ҳам омад тилаймиз. Таркибида жуда яхши, тезкор ёшларни жамлаган, ҳаммаси тартибли ўйнайди. Майдон текис, тўп думалоқ, омад қайси жамоа томонида бўлса, ғалаба ўшанга насиб қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!