“Навбаҳор” - “Қўқон-1912” учрашуви Фарғонада бўлади. Хўш, бу ўйинда ким мезбон?

“Навбаҳор” ва “Қўқон-1912” клублари ўртасидаги беллашув Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтиши эълон қилингач, кўплаб мухлисларда саволлар пайдо бўла бошлади: Ўйин мезбони ким? Чунки, ушбу жамоалар тўп сурадиган уй стадионларда айни дамда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев эса юқоридаги масала юзасидан ўз фикрини билдириб ўтди.

“ПФЛ мавсум аввалида стадионини реконструкция қилаётган клубларга бошқа стадионда ўйнаш учун рухсат берилиши ҳақида айтган. Оддий мисол, “Андижон” стадионида иш олиб бораётгани учун мазкур клуб илк турни Навоийда ўтказади. Иккинчи даврада эса Навоий клуби Андижонга келади.

“Навбаҳор” ва “Қўқон-1912” клубларида вазият бошқачароқ. Уларнинг ҳар иккиси ҳам стадионида таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, мезбон “Навбаҳор”га стадион танлаш ҳуқуқи берилди. Наманганликлар Олмалиқда ҳам, Фарғонада ҳам ва ҳатто Тошкентда ҳам ўйнаши мумкин эди. Клуб #истиқлол стадиони билан келишувга эришди. Мазкур учрашувда мезбон — “Навбаҳор”.

Чипталар масаласи “Навбаҳор” раҳбарияти келишувни қанчалик пухта қилганига боғлиқ. Идеал ҳолатда стадионга ижара пули тўлаб берилса, “Навбаҳор” чипталарнинг асосий қисмига эгалик қилиши ва меҳмон жамоага регламентда белгилаб берилгани бўйича чипта тақдим этиши керак бўлади”, - дейди Диёр Имомхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” учрашуви 10 март куни соат 16:00да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!