“Навбаҳор” финалда. Бу қандай рўй берди?

Бугун Ўзбекистон кубогида иккинчи ярим финал баҳси ўтказилди. Унда “Сўғдиёна” Наманганда мезбонларга қарши куч синашди. Беллашувда жамоалар 120 дақиқа ҳаракат қилиб ҳам дарвозаларга йўл топа олмади. Натижада пенальтилар сериясида омад “Навбаҳор”га кулиб боқди. “Лочинлар” лотереяларда аниқ зарбалар бериб, 3:1 ҳисобида зафар қучди. Эътиборга молик томони, Самвел Бабаян шогирдлари жорий мавсум жиззахликларга 3 учрашувда ҳам ўйиндан гол ура олмади.

Энди эса ўйинда рўй берган жараёнларга батафсил тўхталамиз.

photo_2022-10-14_18-59-36

9-дақиқада Жамшид Искандеров стандартдан оширган тўпни Боян Цигар чалқанча услубда дарвозага киритганди. Бироқ у ўйиндан ташқарида қолиб кетгани боис гол инобатга олинмади.

17-дақиқада марказда “Сўғдиёна” аъзоси Диёр Туроповни ортидан оёғини таги билан босди ва сариқ карточка ишлаб олди. Азиз Асимов ушбу ҳолатни ВАРда кўргач қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Яъни вазият қизил карточкага тортмади.

Тайм ўрталарида Станислав Андреевнинг кучли зарбасини Милан Митрович қайтарди. Орадан бироз ўтиб, Искандеров ўнг томондан жуда чиройли тарзда пас берди. Бундай ҳолатни Дониёр Абдуманнопов кутмагани боис вазиятни бой берди. Натижада имконият қўлдан чиқди.

39-дақида ҳар доим ҳам олдинга ўтмайдиган жиззахликлар анчагина хавфли вазият содир этишди. Чап қанотдан оширилган тўпни мезбонлар ҳимоячилари қийинчилик билан қайтариб юборди.

Улуғбек Бақоев шогирдлари чуқур ҳимояга эътибор қаратди. Олдинга ўтганда хатога йўл қўймасдан ҳужумни якунлашга уринди. Самвел Бабаян жамоаси эса рақиб жарима майдони атрофида вазиятлар содир этиб чарчамади. Аммо дастлабки 45-дақиқаликда гол урилмади.

Иккинчи бўшлимдаги илк вазиятни Жамшид Болтабоев яратди. Ярим ҳимоячи жарима майдони ташқарисидан анча кучли зарба йўллаганди. Бироқ бироз ноаниқ.

Абдужалил Маманазаров 71-дақиқада Даврон Ҳошимовга нисбатан кескинроқ ўйнагани боис иккинчи сариқ карточка кўрсатилди ва у майдондан четлатилди. Бир киши кўп бўлиб қолган мезбонлар позицион ҳужумлар орқали меҳмонлар дарвозасига зарбалар берди. Аммо “лочинлар”да ҳужумчи муаммоси кўзга ташланди. Зоран Марушич формада эмас ва у ҳар доим ҳам гол ура олмаяпти. Александр Касьян борасида ҳам шу фикрларни билдириш мумкин. Ҳужумчилар нуқта қўя олмаётган паллада Даврон Ҳошимов қанотдан узатган тўпни Йован Жокич боши билан дарвозага йўналтириб, ҳисобни очишга уринди. Бироқ Жокичнинг зарбасига аниқлик етишмади.

“Сўғдиёна” ортда нафақат ишончли, балки ҳимояланаётганда олдинга ўтишда аниқ ўйнади. Жиззахликларнинг режаси битта кам қолганда ҳам бузилмади.

86-дақиқада голга тортадиган вазият содир этилди. Дастлаб Жокичнинг уринишини Митрович бартараф этди. Қайтган тўпни Болтабоев тўрга кирита олмади. Бу паллада жиззахлик футболчилар темпни тушириш учун вақтни чўзишди. Чунки улар охирги дақиқаларда гол ўтказиб юбормаслик учун шундай йўл тутди.

Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқанинг охиргисида икки жамоада биттадан хавфли вазият содир этилди. Асад Собиржонов кўнгилдагидек зарба бера олмаган бўлса, жиззахликлар вакилининг зарбасини Ўткир Юсупов иккинчи уринишда ушлаб қолди. Натижада бош ҳакам экстра таймларга мурожаат қилди.

115-дақиқада Даврон Ҳошимов ўнг қанотдан жуда қулай тарзда захирадан майдонга тушган Асадбек Жўрабоевга пас берди. Аммо ёш футболчи бироз ҳаяжон сабаб тўпни дарвозага тўғрилай олмади. Ундан кейин Голбан боши билан дарвозани ишғол қилолмади.

photo_2022-10-14_18-04-55

Охирги дақиқаларда Болтабоев ва Қулматов бир мартадан узоқ масофадан зарбалар йўллади. Аммо ноаниқ. Шу тариқа, жамоалар пенальтилар сериясига ўтди.

Лотереялар баҳсида омад “Навбаҳор”га кулиб боқди. Мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалабага эришди. Бутун ўйин давомида катта устунликка эришган Самвел Бабаян шогирдлари ҳақли тарзда финалга йўл олди. Улуғбек Бақоев жамоасини пенальтиларгача олиб боряпти, лекин бу жамоага наф келтирмаяпти. “Сўғдиёна” пенальтилар серияси борасида жиддий ишлаши кераклиги кўринди.

Энди охирги йиллардаги энг яхши финал бизни кутмоқда дейишимиз мумкин. Бухорода зўр мухлислар ва футбол ўйнайдиган жамоалар тўқнашувининг шоҳидига айланамиз. 30 октябрни интиқлик билан кутамиз.

 

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!