"Навбаҳор" матбуот хизмати SPORTS.uz сайтида чиққан интервьюга раддия берди
20 март куни sports.uz сайтида “Дукич Рўзиевга жавоб қайтарди ёхуд “Навбаҳор”даги истеъфосини қандай қабул қилди?” номли интервью чоп этилганди. Сайтда ёзилишича, сербиялик мураббий Дражен Дукич “Навбаҳор” клубидан истеъфога чиққани, “Навбаҳор” футболчиларидан бири Қувондиқ Рўзиевнинг у ҳақида айтганларига sports.uz орқали муносабат билдиришни хоҳлаган. Аммо мазкур интервью билан танишиш асносида шу маълум бўляптики, Дукич профессионалликка зид равишда, “Навбаҳор” профессионал футбол клуби фаолияти, унинг раҳбарияти, футболчилари ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, далилсиз маълумотларни гапириб, бу билан “Навбаҳор” ПФК обрўсига путур етказишга уринган.
Сиз нимага эришдингиз, жаноб Дукич?
Дукич гапининг аввалида истеъфо мураббийликнинг ажралмас қисми эканлиги ва у кутилмаган вазиятга доим тайёр турмоғи кераклигини таъкидлаган бўлса-да, илк турдан кейин истеъфога чиқиши ёқимсиз сюрприз бўлганини айтиб, ўзининг гапига қарши чиққан. Демак, у истеъфога тайёр турмаган, бу эса унинг ҳақиқий МУРАББИЙ эканлигини шубҳа остига қўймаяптими?
Сайт мухбирининг кейинги саволи “Навбаҳор”нинг илк турдаги мағлубияти (“Сўғдиёна” билан, 0:1) ва кейинги ўйиндаги ғалабаси (Тошкентда “Локомотив” билан, 2:1) сабаблари ҳақида бўлди. Дукичнинг бу саволга берган жавоблари ҳам унинг ҳақиқий МУТАХАССИС эканлиги борасида яна шубҳа уйғотди. Хусусан, “Сўғдиёна” билан ўйин ҳақида гапираётганда “икки бор “Сўғдиёна” дарвозаси томон пенальти белгиланиши керак эди”, деб бу борада ҳакамнинг қарорларига эътирози борлигини билдирган. Ваҳоланки, буни “Сўғдиёна” билан ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжумани арафасида бош мураббий орқали журналистларга етказганида, мақсадга мувофиқ бўларди.
Қолаверса, “Навбаҳор”нинг “Локомотив” устидан эришган ғалабаси фақат ўзи ва Нўъмон Ҳасановнинг ишлари самараси эканлиги, бу ютуққа янги бош мураббийнинг алоқаси йўқлиги, унинг “бир кун ичида жамоани яхши тайёрлай олиши мантиққа ҳам тўғри келмаслиги” ҳақида гапириб, бу билан “Навбаҳор”нинг ҳозирги бош мураббийи Виктор Жалиловнинг маҳоратига шубҳа билан қараган. Сир эмаски, Виктор Романович Ўзбекистоннинг тажрибали, маҳоратли, энг совриндор мураббийларидан бири ҳисобланади. У мамлакатимизнинг кўплаб клубларида самарали фаолият юритиб, улкан ютуқларни қўлга киритган. “Навбаҳор” ҳам 1996 йилги мавсумда айнан шу мутахассис қўл остида чемпионлик унвонига эришгани барчага маълум. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: сиз-чи, сиз Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида нимага эришдингиз, жаноб Дукич?
Бошқа томондан, Виктор Жалилов бир кунда ўзгартириш кирита олмади, дейиш ҳам нотўғри. “Локомотив”га қарши баҳсда “Навбаҳор” футболчилари кўзида “Сўғдиёна” билан ўйинда етишмаган нарса – олов кўринди, қолаверса, йигитларнинг кайфияти ҳам анча кўтарилгани, майдонда ўзгача шашт билан тўп тепишганини, футболчилар баҳснинг бошидан охиригича бир хил темпни сақлаб туришганини кўрдик. “Локомотив” билан ўйин пайти ўз вақтида футболчи алмаштирилгани, айнан захирадан ўйинга қўшилган Славиша Стоянович ҳамда Эҳсони Паншанбе биргаликда ҳужумни гол билан якунлаб, учрашувдаги ғалабага катта ҳисса қўшишганини ҳам ҳамма кўрди. Буларнинг бари бир кунлик меҳнатлар самараси эмасми? “Локомотив” билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Виктор Романович юқоридаги гапларни айтиб мақтаниши мумкин эди, аммо буни ўзига эп кўрмади, ҳақиқий профессионалларга хос тарзда иш кўрди – Нўъмон Ҳасанов шаънига илиқ фикрлар билдирди. Бу эса Виктор Жалиловнинг ҳамкасбларини ҳурмат қилиши, такаббурликдан йироқлиги ва шу каби бошқа ижобий хислатларга эга эканлигидан далолатдир. Аммо Дукич каби фикрлайдиган мураббий буни тушуна олармикан?
Клуб раҳбарияти бир кишидан иборат эмас
Дукичнинг кейинги саволга берган жавобидан иқтибос келтирамиз: “Улар (“Навбаҳор” раҳбарияти назарда тутилмоқда, – “Навбаҳор”матбуот хизмати ) бош мураббий Нўъмон Ҳасановнинг ишидан қониқиш ҳосил қилмаётгандилар. Кейин эса мен биринчи ёрдамчи сифатида ишга келдим. Улар истеъфога чиқариш учун қулай фурсат юзага келишини кутгандилар. Яна шуни айтишим керакки, жамоада бош мураббий вазифасига яна кимларни олиб келиш юзасидан турли вариантлар йўқ эмасди. Улар бу хусусида гапирардилар. Аммо мухлислар жамоа бош мураббийи ролида Нўъмон Ҳасанов қолишини истаётгандилар. Жумладан, Самвел Бабаян ўз ёрдамчилари билан клубда ишлаш учун фурсат туғилишини кутаётганди”. Эътибор берсангиз, Дукичнинг юқорида айтган ҳеч бир сўзи аниқ далилларга эга эмас, балки футбол оламида учрайдиган одатий миш-мишлардан келиб чиқиб билдирилган фикрлардир. Агар клуб Нўъмон Ҳасановнинг ишидан қониқмаган бўлса, ёрдамчи мураббийликка авваллари ҳам Ҳасанов билан бирга ишлаган Дукич тайинланармиди? Ахир, бу мантиққа зид эмасми? Агар Дукич ҳақиқий профессионал бўлганида, ОАВ орқали муносабат билдираётганда, муайян шахслар манзилига эътироз билдирганда, аниқ далил-исботларга таянган ҳолда иш кўрарди. Аммо кўриниб турибдики, у бундай хусусиятга эга эмас.
Дукичнинг кейинги сўзларига эътибор беринг: “Нима бўлган тақдирда ҳам шуни айтишим керакки, анча тажрибали мутахассис сифатида чемпионатнинг илк туридан кейин бош мураббий истеъфога чиқариш мумкинлигига сира гувоҳ бўлмагандим. Янги клуб президенти (Отабек Саматов назарда тутилмоқда, – “Навбаҳор” МХ ) қўйилган вазифани бажариш учун ташкилий ишлар етарли даражада амалга ошмаганидан кўнгли тўлмаганлигини шу тарзда ифода қилган кўринади. Ваҳоланки, жамоа мавсумга ёмон ҳозирлик кўрмаганди. Бу клубдаги одамларнинг футболни яхши тушунмасликларидан далолат беради. Клуб олдига вазифа қўйишдан олдин шунга мос равишда инфратузилмани ҳам шакллантириш керак бўлади. Клуб президенти Нўъмон Ҳасановнинг ўйин борасидаги қарашларини тушунмади. Бир сўз билан айтганда, раҳбарият бизнинг жамоада ишлашимизни истамади. Шу боис ўзимиз ҳам истеъфо юз бериши мумкинлигини кута бошлагандик. Аммо мавсум стартидан кейиноқ шу воқеанинг содир бўлиши...”
Дражен Дукичнинг ушбу гаплари билан фақат бир киши – яъни, клуб президенти Отабек Саматовга ишора қилаётганидан келиб чиқсак, гўё бу шахсга нисбатан шахсий адовати бордек тасаввур уйғонади. Ваҳоланки, “Навбаҳор” профессионал футбол клуби йирик, нуфузли ташкилот ҳисобланиб, унинг раҳбарияти деганда фақат Отабек Арифович тушунилиши (ҳар ҳолда, Дукичнинг тушунчаси шундай бўлиб чиқмоқда) нотўғри, албатта. Зеро, клуб муайян шахснинг хусусий мулки ҳисобланмайди ва табиийки, селекция ишлари, мураббийлар тайинлови ва шу каби бошқа масалалар мутасаддилар томонидан атрофлича кўриб чиқилганидан кейингина амалга оширилади. Шундай экан, Ҳасанов ва Дукичнинг истеъфоси биргина клуб президентининг хоҳишига кўра содир бўлган, деб ҳисоблашнинг ўзи нотўғри.
Дукич “Навбаҳор” клубида ишлаётганлар (яна раҳбариятга ишора қилмоқда) футболни тушунмасликларини иддао қилган. Маълумот ўрнида келтириш жоизки, Отабек Саматов Намангандаги футбол мактаб-интернатини тамомлаган, ўз вақтида профессионал даражада тўп тепган. У “Навбаҳор” ПФК вице-президенти этиб тайинланганидан кейин клубда жуда кўп ижобий ўзгаришлар кузатилди. Биринчи навбатда, унинг наманганлик иқтидорли ёшларни тарбиялаб, уларни кашф этиш мақсадида амалга оширган ишларини эътироф этиш ўринли.
Хабарингиз бор, Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззақов ташаббуси билан “Навбаҳор” клуби янги стратегия асосида иш бошлади. Ёш футболчиларга жиддий эътибор қаратиш, уларни тарбиялаб, “Навбаҳор”нинг асосий жамоаси таркибига жалб этиш мақсадида зарур чоралар кўрилиши бош мақсад сифатида белгиланди.
Отабек Саматов “Навбаҳор” раҳбариятида иш бошлаганидан буён унинг ташаббуси билан:
- ёшларни тарбиялаб, уларнинг катталар футболида ўз ўринларини топишда кўмаклашиш бўйича катта тажрибага эга мутахассислар – Виктор Жалилов, Усмонжон Асқаралиев, Рашиджон Ғофуров сингари мураббийлар “Навбаҳор”га таклиф этилди;
- клуб қошида “Навбаҳор-фарм” жамоаси ташкил этилиб, унинг Ўзбекистон чемпионати Биринчи лигасидаги иштироки таъминланди. Бугунги кунда “Навбаҳор-фарм”, “Навбаҳор-U-21”, “Навбаҳор-U-18” жамоалари таркибида жуда кўплаб иқтидорлар тўп тепишмоқда;
- уларнинг босқичма-босқич “Навбаҳор”нинг асосий жамоаси таркибига қўшилишларини таъминлаш мақсадида махсус тизим йўлга қўйилди, у ҳозир фаол ишламоқда;
- ҳалоллик асосида иш юритиш энг устувор мақсадга айланди, таниш-билишчилик ва ноқонуний тарзда пул ундириш асосида футболчиларнинг жамоага қабул қилинишига қарши курашиш таъминланди, ушбу масала қатъий назорат остига олинди;
- маҳаллий иқтидорли болаларнинг бошқа вилоятларда эмас, айнан Наманганда камол топишларини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Наманган футболи ривожини ўйлаб, шунча ишларни амалга оширган инсонни футболни тушунмасликда айблаш мумкинми? Отабек Арифович вице-президентлиги даврида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар вилоят ҳокимининг алоҳида эътирофига сазовор бўлди, қолаверса, унинг футболни яхши тушуниши инобатга олинган ҳолда, Отабек Саматов клуб президенти этиб тайинланди.
Юқоридаги маълумотлар ҳам кўрсатиб турибдики, айни пайт “Навбаҳор” ПФКда футбол соҳасида етарлича тажрибага эга бўлганлар, футболни яхши тушунадиган мутахассислар ишлашмоқда. Дукич сингари мутахассислиги шубҳа остида бўлганларга эса, табиийки, клубда жой йўқ.
Бу - тузлиққа тупуриш
Дукич интервью давомида бугунги раҳбарият кутилган даражада иш олиб бормаётганидан нолиган. Сир эмаски, бутун дунё футболи пандемиядан азият чекмоқда, молиявий муаммолар, ҳаттоки, жаҳоннинг қудратли жамоаларига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Ҳамон давом этаётган мазкур жараён мамлакатимиз учун ҳам мустасно бўлмади, албатта. Шунга қарамай, “Навбаҳор” ПФК 2021 йилги мавсумга тайёргарликни юқори савияда ташкил этиш учун зарур барча шарт-шароитларни яратиб берди, дастлаб Наманган ва Тошкентда, кейин эса Туркияда ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилди. Шунингдек, мавсумолди тақдимот маросими ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. Лекин жаноб Дукич, агар ўз ишининг устаси бўлганида, клуб инфратузилмасини танқид қилиш чоғида “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти томонидан қилинган эзгу ишларни ҳам эътироф этарди. Бироқ унинг миясига фақат негатив фикрлар ўрнашиб қолган чоғи, клуб ҳақида фақат салбий муносабат билдиришга жазм этган кўринади. Буни халқ тили билан айтганда, “Тузлиққа тупуриш” дейилади.
Қувондиқ тўғрисини айтибди-ку...
Дукичнинг навбатдаги жавоби “Навбаҳор”даги муҳит ва футболчилар хусусида бўлди. Сербиялик мураббий клуб томонидан берилган ваъдалар бажарилмагани ҳақида гапирган. Гап айнан қайси ваъдалар ҳақида бораётгани ошкор этилмагани эса, бу айбловлар ҳам муайян далилга эга эмаслигидан далолат бермоқда.
Дукичнинг айтишича, клубдагилар сербиялик легионерлардан норози экан. Жамоада Виктор Жалилов бош мураббий бўлганидан кейин “Навбаҳор” иккита ўйин ўтказди ва унда сербиялик футболчилар – Марко Путинчанин, Славиша Стоянович ҳамда Никола Тасич майдонга тушишди. Умуман, мағлубиятли ўйиндан кейин нафақат легионерлар, балки маҳаллий футболчилардан ҳам кўпчиликнинг кўнгли тўлмайди. Бу – футболда одатий ҳол. “Локомотив” ва “Насаф”га қарши кечган баҳсларда мураббийлар штаби ҳам, клуб раҳбарияти ҳам ҳеч бир футболчига эътироз билдирмади. Демак, мазкур ҳолатда Дукич томонидан берилган яна бир маълумот ҳақиқатга зид бўлиб чиқмоқда. Сербиялик футболчилардан кўнгил тўқ, акс ҳолда, мураббийлар алмашувидан кейин ўтказилган ўйинларда улар майдонга тушишмасди...
Яқинда айнан sports.uz сайтида “Навбаҳор” етакчиларидан бири Қувондиқ Рўзиевнинг интервьюси чоп этилиб, унда футболчи, жумладан, Нўъмон Ҳасанов Дукични ёрдамчиликка олиб, катта хатога йўл қўйгани ҳақида гапирганди. Дукичнинг мазкур интервьюдаги гапларга муносабатига эътибор қаратинг: “...Қувондиқ берган интервьюсида мен ҳақимда ҳақиқатга тўғри келмайдиган фикрларни билдирган. Агар у бу гапларни кўзларимга қараб туриб айтган тақдирда сира хафа бўлмасдим. Шунда ҳақиқий эркакнинг ишини қилган бўларди. У ердан кетганимдан сўнг, Қувондиқ ўша интервьюни бериб, мен ҳақимда турли бўлмағур гапларни айтди. Албатта, ҳар кимнинг ўз қараши бўлади. Масалан, мен Қувондиқни қандай савиядаги футболчи эканлигини биламан. У доим ҳам ақл билан тўп сурмайди. Рўзиев ҳар хил гаплар билан футболни тушунмайдиган кишиларни алдаши мумкин. Мени эса мутахассис сифатида сира алдай олмайди. Ҳозир сизга интервью бераётган эканман, Қувондиққа шундай деган бўлардим: агар сен мард бўлганингда нима учун мен ҳақимдаги қарашларингни ўзимга айтмадинг?! У ҳақида яна кўп гапларни айтишим мумкин эди. Лекин бундай қилмоқчи эмасман”.
Биринчидан, Қувондиқ Рўзиевнинг қандай савиядаги футболчи эканлигини бутун Ўзбекистонда футболга ошно тутинган барча билади. У Қўқон ва Тошкентда фаолият юритган кезлари мунтазам равишда мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлган, ҳозир ҳам “Навбаҳор” ишқибозларининг ёқимтой футболчиларидан бири ҳисобланади. Дарвоқе, жаноб Дукич Қувондиқнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаганидан ҳам бехабар кўринади. Демак, унинг фикридан келиб чиқсак, Рўзиевни терма жамоамизга жалб этган мураббий ҳам футболни тушунмайдиган бўлиб чиқяптими? Мазкур ҳолатда Қувондиқнинг айби бор гапни рўй-рост гапирганими? Ахир у тўғрисини айтибди-ку. Сербиялик мураббийнинг наздида, “Рўзиевнинг айтганлари “эркаклик”ка тўғри келмас” экан, Дукичнинг четдан туриб “Навбаҳор” ПФК ҳақида уйдирмалар ёғдириши эркакнинг ишими?
Хулоса
Афтидан, Дражен Дукич “Навбаҳор”да фаолият юритиш асносида, ўзи билган футболчиларни олиб келиб, улар орқали мўмай даромад орттиришни мақсад қилган шекилли. Аммо клубнинг бугунги стратегияси, жамоада бундай қинғир ишларга қарши курашнинг назоратга олингани унинг режаларига тўсқинлик қилган, ниятига етолмаганидан кейин унда клуб раҳбариятига нисбатан адоват кучайган кўринади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, футбол жамоатчилигидан “Навбаҳор” ПФК манзилига, клуб раҳбарлари шаънига йўлланаётган бундай ассосиз бўҳтон ва уйдирмаларга эътибор қаратмасликни сўраб қоламиз. Зеро, футбол оламида Дражен Дукич сингари ўзи ва атрофдагилар ҳурматини билмайдиган, истеъфога чиққанидан аламзада, муайян шахсга нисбатан адовати борларнинг асоссиз ва ёлғон дийдиёлари орқали омма эътиборини ўзига қаратишга интилиши кўп кузатилади. Шуниси аниқки, бундай уйдирмалар “Навбаҳор” профессионал футбол клубини ўз олдига қўйган юксак мақсадлар сари интилишида асло тўсиқ бўлмайди. Ишонинг, бугунги “Навбаҳор” ПФК бошқаруви ҳалоллик асосига қурилган. Қинғир ишлар билан даромад орттиришни кўзлаганлар, ёшларни тарбиялаш стратегиясига зид қарашларга эга шахсларга эса клубда ўрин йўқ. Жамоамиз танлаган йўлидан дадил одимлашда давом этади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар