“Навбаҳор” ўтган йилги хатодан тўғри хулоса чиқарган. “Лочинлар” ўтган мавсумдагидан кучлироқ бўлиб қайтмоқда!
Бугун “Навбаҳор” ўзининг иккинчи назорат ўйинини ўтказди. Тўғри, ҳозир хулоса чиқаришга жуда эрта, аммо Самвел Бабаян ўйлаб қўйган режалар бироз кўзга ташланмоқда. Бугун, янги ғояларга асосланган футбол қуриш арафасидаги “лочинлар”нинг тактик ва стратегик қарашлари аск этган таҳлилий мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз. Ҳар доимгидек, катта мавзуни кичик матнга сиғдиришга ҳаракат қилдик. Албатта ўқиб чиқинг!
Энди “лочинлар”ни “тутиш” қийин бўлади. Нега дейсизми? “Навбаҳор”нинг “Нижний”га қарши беллашувини тўлиқ кўрдим. Менда жамоа илиқ таассурот қолдирди. Айниқса, вақти-вақти билан ўйин схемасини ўзгартириб тургани таҳсинга сазовор. Масалан, жамоа баҳс аввалида ўзининг классик 4-5-1ида тўп сурган бўлса, Жамшид Искадеровсиз умуман бошқа схемада ўйнашга уриниб кўрди. 4-3-3 ва 4-4-2 ҳам синовдан ўтказилди. Кўриниб турубди-ки, бу мавсум “лочинлар”нинг ўйин стратегияси ўтган йилгисига нисбатан анчагина ранг-баранг бўлади. Ўтган мавсумда “Б” режанинг йўқлиги уларга кўплаб ўйинларда панд бериб қўйган эди.
"Навбаҳор"нинг ўтган йилги тактик схемаси
Биргина Жамшид Искандеров орқали ҳужум ташкил этиш ғоясига таянгани учун ҳам чуқур ҳимояланган жамоаларга қарши қийинчиликка учраган эди. Аброр Исмоиловнинг таркибга қўшилиши энди “Навбаҳор”ни соф плеймейкер билан эмас, ҳужумкор, аммо прессингда фаол ишлайдиган марказий ярим ҳимоячи билан ҳам рақибни қарши ҳужумда жазолаш имконини яратади. Масалан: Икромов / Яхшибоев, Собиржонов / Абдуманнопов бемалол вингер сифатида олдинроқда тўп суришига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Темурхўжа Абдухолиқов майдонда анча орқароққа қайтиб ўйнагани бунга имкон яратади.
Агар Норхонов марказий ҳужумда бўлса, қанот ҳимоячилари кенроқ жойлашган ҳолда, тўп назоратини “Навбаҳор” ўз томонига оғдириши мумкин.
Бунда, юқорида номи зикр қилинган қанот ярим ҳимоячилари бироз ортга қайтиб, марказдан позицион ҳужум ташкил этишда иштирок этади. Умуман олганда, бу йилги “Навбаҳор” ўтган йилги версиясидан тактик томондан анча кучлироқ бўлиб шаклланмоқда. Яхши савиядаги ижрочилар ва ўйинни ўзига олишга қодир етакчилар Самвел Бабаян учун кўплаб юришларни амалга ошириш имконини тақдим этади.
Ҳатто, энди Жамшид Искандеров ҳам “алмаштириб бўлмас” мақомини йўқотиши мумкин. Масалан, Бабаяннинг 4-4-2 агрессив прессингида Аброр Исмоилов биринчи планга чиқа олади. Ортдаги Жокич ва Болтабоев кучли таянч зонасини ҳосил қилиши мумкин.
Искадеров ўрнини Исмоилов эгаллагач, марказдаги прессинг янада кучайиб кетиши мумкин
Ёдингизда бўлса, ўтган мавсумда айнан мана шу омил сабабли “лочинлар” сўнгги турларда муҳим очколардан айрилди. Яъни, жуда содда ўйин стратегияси ва Искандеровга тўлиқ “қарам” бўлиб қолиш назарда тутилмоқда. Нисабатан кучсизроқ жамоалар очко олиш мақсадида икки блокдан иборат ҳимоя ҳосил қилганча, жуда зич жойлашиб олишни яхши уддалайди.
Натижада, Жамшид Искандеровнинг кескин узатмаларисиз “лочинлар” бемасар тўп назорати ва иккинчи қаватдан узатмалардан бошқа ҳужумни якунлайдиган вариант топа олмади. Қўшимчасига, тор захира ўриндиғи сабабли “Навбаҳор” мавсумнинг сўнгги ўйинларда ўзининг асосий фикшаси – юқори прессингни қўллай олмади. Жисмоний ҳолат буни кўтаролмай қолди. Айнан мана шу камчилик устида жамоа ишлаётгани “Нижний” билан ўйинда кўринди. Демак, бу “Навбаҳор” ўтган йилги версиясидан кўра рақибларига кўпроқ бош оғриқ бўлиши эҳтимоли юқори. Янги футболчиларнинг бунда роли қандай?
Менимча, бу трансферларнинг барчаси юқорида зикр қилинган стратегик ўйланмаларни "реализация" қилиш учун амалга оширилган. Масалан, Темурхўжа Абдухолиқов ва Шоҳруз Норхоновнинг позицияси бир бўлишига қарамай, улар ўйинда икки хил функцияни бажариши мумкин. Норхонов позицион ҳужумларда фаол бўлса, Абдухолиқов олдинда бир ўзи босим ўтказишда беназир. Яъни, улардан бири асосий таркибда тушса, иккинчиси таблодаги ҳолатдан келиб чиқиб, натижага таъсир кўрсатиш имкониятини захирада ўтириб ҳам тақдим этади. “Сўғдиёна”дан келган йигитларда мослашув масаласида муаммо бўлмаса керак. Ҳимоявий футболда тобланган Лука ва Шаҳбоз ўзини сувдаги балиқдек ҳис этмоқда. Умуман олганда, барчаси режа асосида, бироқ сифатли марказий ҳимоячининг йўқлиги барибир сезиляпти. Биргина Голбанга таяниб ОЧЛ, Суперлига ва кубокда муваффақиятли иштирок этишнинг имкони йўқ.
Камида иккита кучли сўнгги ҳимоячи жамоага сув ва ҳаводек зарур. У легионер бўладими, маҳаллий футболчи бўладими, фарқи йўқ. Асосийси, биринчи пасга эга бўлиши. Ҳозирги “Навбаҳор”нинг ҳимоя чизиғидан бошқа зоналарида кучли рақобат шаклланиб бормоқда. Бу воқеалар фонида иккита ҳимоячининг трансфери, таркибни (Ўзбек футболи миқиёсида) идеал кўринишга олиб келади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев мақоласи
Фикрлар