"Навбаҳор" селекцияда яна фаол! Клуб Яхшибоевни нишонга олди ва таркибда бошқа ўзгаришлар ҳам бор
Турнир пешқадами бўлиб турган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси худди қишдаги селекция сингари ёзги трансферлар даврида ҳам фаол бўлишга уриняпти. Ҳозирча Суперлига иштирокчилари орасида жиддий трансферларга гувоҳ бўлаётганимиз йўқ. Лекин “Навбаҳор” бундай сукунатга чек қўйиш арафасида турибди. Нега деганда, уларнинг таркибида яна ўзгаришлар кузатиляпти. Бундай ўзгаришлар шубҳасиз фақат яхши тарафга, десак муболаға қилмаймиз.
Биласиз, бош мураббий Самвел Бабаян жамоани қўйилган мақсадига яраша кучайтирди. Стадион яна мухлислар билан тўлиб-тошяпти. Жамоанинг пешқадам бўлиб тургани фикримизни тасдиқлаб турибди. Аммо Бабаян ҳамон изланишдан тўхтамаяпти. Трансферлар доим ҳам 100 фоиз ўзини тўлиқ оқлаши қийин масала. Шунинг учун наманганликлар ёзги трансфер ойнаси очилганидан максимал фойдаланишмоқчи. Хабарингиз бор, дастлабки ўтиш Диёр Туропов билан амалга оширилди. “Навбаҳор” ушбу ярим ҳимоячи билан 1,5 йиллик шартнома имзолади. Унинг ортидан эса тожикистонлик ярим ҳимоячи Эхсони Паншанбе Эроннинг “Зоб Ахан” жамоасига кўчиб ўтди. Бунинг натижасида “Навбаҳор”да осиёлик лимити бўш қолди.
Биздаги маълумотларга қараганда, клуб ушбу лимитдан фойдаланмоқчи. Паншанбе ўрнига бошқа осиёлик легионерга кўз тикилган ва аллақачон ўша футболчи “Навбаҳор” машғулотларида. Гап Қирғизистон терма жамоаси ҳужумчиси Мирлан Мурзоев ҳақида кетмоқда. 32 ёшли ҳужумчи ўз юртида айни пайтда энг кучли футболчилардан бири бўлиб турибди. Ёдингизда бўлса, у Наманганда “Navruz Cup” халқаро мусобақасида Қирғизистон терма жамоаси сафида бизнинг терма жамоамиз дарвозасига гол ҳам урганди. Агар Мурзоев ўз ўйини билан мураббийлар штабини қойил қолдира олса, шубҳасиз иккинчи даврани наманганликлар сафида бошлайди ва шу орқали осиёлик лимитни ёпишади.
Мавсум бошида клубга қатор янги ўйинчилар қўшилишганди. Бизга етиб келган маълумотга қараганда, улардан икки нафари “Навбаҳор”ни тарк этди. Булар – ярим ҳимоячи Ислом Кенжабоев билан ҳужумчи Андрей Сидоров. Кенжабоев Суперлига доирасида 11 та учрашувда майдонга тушди. Сидоров эса 4 та беллашувда ўйнади ва иккаласининг ҳисобида гол йўқ. Дарвоқе, уларнинг кейинги манзили ҳам қулоғимизга чалингандек бўлди. Ислом Кенжабоев собиқ жамоаси – “Қизилқум”га қайтмоқда. Сидоров бўлса, Қўқонга!
“Навбаҳор” жамоасининг ёзги трансферидаги асосий нишони – бу Жасур Яхшибоев бўлиб турганди. Анчадан бери ушбу ўйинчига клуб томонидан қизиқиш мавжуд эди. Жасур Европа Чемпионлар лигасида “Реал”дек дарвозага гол урган ўзбек футболчиси сифатида тарихдан жой олган. Кейинчалик у “Шериф”дан кетди, “Легия”га қайтганди, кўп ўтмай у ерни ҳам тарк этди. Эркин агентга айланган катта иқтидор эгасига “Навбаҳор”дан жиддий қизиқиш бўлаётганди. Натижада Жасур Наманганга етиб келди. Тўғри, ҳали шартнома имзолангани йўқ. Хуллас, Яхшибоев “Навбаҳор” клубига ўтишга яқин турибди. Тез орада клуб юқоридаги ўзгаришлар бўйича расмий равишда хабар бериб қолса ажаб эмас.
Айни пайтда жамоа ўз қароргоҳида шуғулланяпти. Маълум бўлишича, учта назорат учрашуви ташкиллаштирилади ва барча ўйинлар Наманганда ўтказилишини эшитдик. Ҳозирда футболчилар кўтаринки кайфиятда машғулотларда иштирок этишмоқда.
Кўриб турганингиздек, жамоанинг трансфер сиёсати пухта ўйланган режа асосида амалга оширилмоқда. Клубни тарк этаётган футболчилар ўрни шунга яраша муносиб кадрлар ёрдамида тўлдирилиши кўзда тутилган. Мақсад иккинчи даврани янада ишончли ўтказган ҳолда якунда пойгада биринчи бўлиб етиб келишдир.
Фикрлар