"Навбаҳор" янги легионер билан қанча муддатга шартнома имзолади?

Хабарингиз бор, ёзги трансфер ойнасининг сўнгги кунида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз таркибига тожикистонлик ярим ҳимоячи Эҳсони Панчшанбени қўшиб олганди.

Панчшанбе 3 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон - Тожикистон терма жамоалари (2:1) ўртасидаги учрашувда меҳмонлар сафида майдонда тўлиқ ўйнади ва терма жамоадаги шериги Зоир Жўрабоевнинг голига ассистентлик қилди.

Шундан сўнг, 5 сентябрь куни Тошкентда тиббий кўрикдан ўтган футболчи кеча тунги соат 22:00ларда жамоа қароргоҳига етиб келди ҳамда бугун “Навбаҳор” билан илк машғулотини ўтказди.

Жамоанинг янги аъзоси тўғрисида тўлиқ маълумот берадиган бўлсак, Эҳсони Панчшанбе 1999 йилнинг 12 май куни Тожикистонда туғилган. Футболчилик фаолиятини 2016 йили бошлаб, ўша йилги мавсумнинг 2-даврасидан “Навбаҳор” таркибига қўшилгунга қадар, Душанбенинг “Истиқлол” жамоасида ўйнаган. “Истиқлол” сафидаги фаолияти давомида Тожикистоннинг 4 карра чемпиони (2016-2019 йиллар) бўлган, Тожикистон кубоги (2016, 2018 – 2019 йиллар) ва Суперкубогини (2017-2020 йиллар) 3 мартадан қўлга киритган. Эҳсони Панчшанбе 2018 йили, яъни 19 ёшида Тожикистоннинг энг яхши футболчиси, деб топилган.

Панчшанбе_расми_-_4

Панчшанбе фаолияти давомида Тожикистон ёшлар терма жамоаси таркибида ўйнаган ва мазкур терма жамоани сардор сифатида 2018 йилги Осиё чемпионатида майдонга олиб тушган. Айни пайтда эса Тожикистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳамда шу кунгача терма жамоа таркибида 20 та ўйинда майдонга тушган.

Маҳоратли ярим ҳимоячи “Навбаҳор” билан 2,5 йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!