"Навбаҳор"га кутилган футболчи қўшилди

“Локомотив”ни тарк этган Диёр Туроповни иккинчи даврани “Навбаҳор”да бошлаши ҳақида илгари сайтимиз орқали хабар бергандик ва футболчининг ўзи ҳам интервьюсида “Навбаҳор” билан шартнома имзолагани ҳақида айтганди. Ниҳоят, “Навбаҳор” клуби Диёрни таркибга қўшилганини эълон қилди.  

“Давралар оралиғидаги танаффус вақтида жамоамиз таркибига тажрибали ярим ҳимоячи Диёржон Туропов қўшилди. 

Туропов 1994 йил, 9 июлда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида туғилган, яъни, у куни кеча 28 ёшни қарши олди. 

диёр туропов

Диёржон Туропов катта футболдаги фаолиятини 2013 йили Олмалиқнинг АГМК клубида бошлаган. Олмалиқлар таркибида 2013-2016 йилларда тўп тепган.

2017 йили эса Тошкентнинг “Локомотив” сафига қўшилиб, “темирйўлчилар” таркибида 5,5  мавсум давомида миллий чемпионатимиз баҳсларида 111 та ўйинда майдонга тушди. Жорий мавсумнинг 1-даврасида эса  футболчи Coca Cola Суперлига баҳсларида “Локомотив” таркибида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та голга муаллифлик қилди.

Диёржон Туропов бугун “Навбаҳор”даги илк машғулотини ўтказди.

Биз тажрибали ярим ҳимоячига “Навбаҳор”даги фаолиятида омад ёр бўлиб, “лочинлар”нинг ғалабаларига муносиб ҳиссасини қўшишига тилакдошмиз”, - дейилади  “Навбаҳор” ПФК матбуот хизматининг хабарида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!