"Навбаҳор"ни бугун қийин рақиб кутмоқда!
Ўзбекистон Суперлигасининг 23-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Тошкентнинг “Олимпик” клубини қабул қилади.
“Олимпик” Суперлиганинг янги аъзоси бўлганлиги, “лочинлар” билан миллий чемпионатимиз баҳсларида эндигина иккинчи марта тўқнаш келаётганлиги боис, бўлажак рақиб борасида батафсил тўхталиб ўтишни маъқул деб топдик.
“Олимпик” 2021 йилда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва Ўзбекистон Футбол ассоциацияси (ЎФА) ташаббуси билан 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларига пухта ҳозирлик олиб бориш мақсадида, олимпия терма жамоасига номзод футболчилардан тузилди ва ўтган мавсумда Про-лигада иштирок этиб, 3-ўринни қўлга киритди ҳамда Суперлигага ўтиш баҳсида Муборакнинг “Машъал” клубини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, жорий мавсумдан Суперлигада қатнашмоқда.
Айни пайтда “Олимпик” таркибида 2001 ва 2002 йилда таваллуд топган футболчилар тўп тепишмоқда. Жамоани эса яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири бўлган Темур Кападзе бошқармоқда.
“Олимпик” жамоасининг чемпионатдаги асосий мақсади – футболчиларни шакллантириш, янги номларни кашф қилиш, ёш истеъдодларга зарур ўйин амалиётини тақдим этишдан иборат. Режага кўра, мазкур жамоа ҳар йили ўз ёш тоифаларида қитъа мусобақаларида иштирок этиб, тажриба орттириши кўзда тутилган.
Хабарингиз бор, ёзда юртимизда бўлиб ўтган U-23 терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-23 термаси таркиби ўзагини “Олимпик” футболчилари ташкил этишди ҳамда U-23 терма жамоамиз финалга қадар етиб бориб, вице-чемпионликни қўлга киритди.
Мазкур мусобақада маҳоратларини оширган йигитлар 2023-2024 йилларда Париж Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақаларда иштирок этишади.
Қайд этиш жоиз, айнан 2001 ва 2002 йилда таваллуд топган футболчилар 2024 йилги Олимпиада ўйинларида иштирок этишлари мумкин.
Ўзбекистон – U-23 олимпия термаси 2024 йилда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионати мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, ярим финалга қадар етиб борса, юртимиз тарихида илк бор Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилади.
Мазкур жамоаларнинг 1-даврада Тошкентдаги “Локомотив” стадионида бўлиб ўтган баҳсида 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилган, жамоамизнинг голига учрашувнинг 2-дақиқасида маҳоратли ярим ҳимоячи Жамшид Искандеров муаллифлик қилган бўлса, 39-дақиқада “Олимпик” ҳужумчиси Пўлатхўжа Холдорхонов ҳисобни тенглаштиртирганди.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Олимпик” учрашуви 25 октябрь куни Намангандаги “Марказий” стадионида соат 18:30 да старт олади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар