"Навбаҳор"ни дастлабки йиғинда қайси легионер тарк этди?
"Навбаҳор" жамоаси янги мавсумга тайёргарликнинг биринчи босқичини 4 январь бошлаганди. Машғулотлар кунига икки маҳалдан Наманган шаҳридаги “Ёш куч” стадионида олиб борилди.
Шунингдек, мазкур ўқув-машғулот йиғини доирасида “Андижон”га қарши икки марта назорат синов баҳси ўтказилди ва уларда “лочинлар” 1:0 ҳамда 2:0 ҳисобларида ғалаба қозонишди. Биринчи ўйинда наманганликларнинг голига кўрикдан ўтаётган Орифжон Юсупов муаллифлик қилган бўлса, иккинчи баҳсда Азизбек Турғунбоев ҳамда Ҳусайн Эргашбоев ўз ҳисобларига гол ёзиб қўйишди.
Мазкур ўртоклик ўйинлари орқали “Навбаҳор” мураббийлари бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказишди ва улардан айримларига жавоб берилди. Жумладан, андижонликларга қарши 13 январь куни ўтказилган илк баҳсда Кот-д`Ивуардан келган ҳужумчи Самуэль Илие ҳам майдонга тушганди. Аммо унинг ҳаракатлари мураббийлар штабини қониқтирмади ҳамда унга жавоб бериб юборилди.
Айни пайтда сербиялик икки нафар футболчи – ҳимоячи Никола Тасич ҳамда ярим ҳимоячи Марко Путинканин, шунингдек, яна бир қатор ёш ўйинчилар кўрикда иштирок этишмоқда.
Жамоа қишки ўқув-машғулот йиғинининг иккинчи қисмини Тошкент шаҳрида давом эттиради. Пойтахтдаги машғулотлар 18 январь куни бошланади. Ушбу йиғин давомида бир қатор янги футболчиларнинг кўрикдан ўтиш учун “Навбаҳор” таркибига қўшилишлари кутилмоқда. Бундан ташқари, ўртоқлик ўйинлари ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Фикрлар