"Навбаҳор"ни тарк этишим қисқа вақт ичида содир бўлди". Диёр Туропов нима учун "Нефтчи"га ўтиб кетганини биласизми?
Ёдингиздами, ўтган йилнинг иккинчи ярмида Диёр Туропов “Локомотив”ни тарк этиб, “Навбаҳор”дан тушган таклифни қабул қилганди. Бироқ футболчининг наманганликлар сафидаги фаолияти узоққа чўзилмайдиган бўлди. У ерда ярим мавсум ўйнаганидан сўнг футболчи клубини ўзгартиришга аҳд қилди. 30 декабрь куни “Нефтчи” билан шартнома имзолаганидан хабарингиз бўлса керак.
Диёр ўтган йили “Локомотив”да 9 та, “Навбаҳор”да 12 та ўйинда майдонга тушди. “Локо”да 2 та гол ва 1 та ассистни амалга оширганди. “Навбаҳор”да фақат 1 та ассистни бажарди.
Энди унинг Намангандаги фаолияти якунига етди. Аммо Туропов барибир водийда қолди. Бу сафар “Нефтчи” вариантини маъқул кўрди. Унинг маҳоратига шубҳа йўқ. "Нефтчи" ушбу ўйинчи мисолида яхши бир трансферни амалга оширди. Бу йил 29 ёшни қаршилайдиган Диёр жамоасини ўзгартиргани ҳақида бироз тўхталди.
- Диёржон, "Нефтчи" клубига ўтганингиз билан табриклайман. Аввало, айтинг-чи, "Навбаҳор"ни тарк этиш режангиз бормиди ёки барчаси кутилмаганда юз бердими?
- “Навбаҳор”ни тарк этишим қисқа вақт ичида содир бўлди.
- Намангандаги фаолиятингиз ярим мавсум давом этди холос. Ўтган вақт давомида нимадир ёқмадими ёки бошқа сабаби борми?
- Бу вақт ичида ҳеч қанақа салбий ҳолат кузатилмади. Клубда барча билан муносабатим яхши ва шу ҳолатда хайрлашдим.
- “Навбаҳор”да қисқа вақт давомида ўзингиз учун нима олдингиз ва клубга нима бера олдим, деб ўйлайсиз?
- “Навбаҳор” учун боримни бериб ҳаракат қилдим. Бу вақт ичида менга фақат гол етишмади. Жамоа мухлисларига ҳурматим баланд. Шу фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” мухлисларига раҳмат демоқчиман, бизни юқори даражада қўллаб-қуватлашгани учун.
- “Нефтчи” таклифини қабул қилишингизда асосан нимаси сизни ўзига жалб қилди?
- Шонли тарихи ва клубнинг ўз олдига юқори мақсадларни қўйганлиги учун “Нефтчи” жамоасини танладим.
- Охирги пайтларда "Нефтчи"дан "Навбаҳор"га ва "Навбаҳор"дан "Нефтчи"га футболчилар ўтаётганини кўряпмиз. Масалан, Нурилло Тўхтасинов Фарғоанага кетди. Аброр Исмоилов Наманганга келди ва сиз ҳам Фарғонага йўл олдингиз. Мабодо, иккала клуб келишувидан сиз билан Исмоилов ўрин олмаганмидинглар?!
- “Нефтчи”га ўтишимда бу нарсаларнинг алоқаси йўқ.
- Хорижга ҳам кетишингиз мумкинмиди? Нега легионер сифатида тўп суриш имкониятидан фойдаланмадингиз?
- Мумкин эди, лекин оиламдагилар билан маслаҳатлашиб Ўзбекистонда қолишга қарор қилдим.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар