"Навбаҳор"нинг финалдаги аламли мағлубияти "Динамо"га қўл келадими ёки...

Бугун Самарқандда Суперлиганинг 14-туридан қолдирилган “Динамо” – “Навбаҳор” учрашуви бўлиб ўтади. Айни дамда ФИФА кунлари муносабати билан барча жойларда миллий биринчиликлар тўхтатилган бир пайтда икки клуб ЎзПФЛнинг розилиги билан ўзаро келишиб, ўйин санасини айнан бугунга белгилаганлар. Чемпионатсиз ўтаётган кунларимизда табиийки, барчанинг эътибори Самарқанддаги беллашувга қаратилиши бежиз эмас.

Биласиз, “Навбаҳор” 5 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги финалидаги драмада жуда аламли тарзда мағлубиятга учраб ўз орзусини қўлдан чиқариб юборди. Ҳолбуки, наманганликлар чемпионатдан ҳам кўра Кубокни қўлга киритишга бутун эътиборини қаратганди. Лекин якунда Кубокдан ҳам қуруқ қолди. Бу эса клуб ва Наманган футболи учун жуда катта зарба эди. Сергей Лушчан жамоаси энди ноилож Суперлигадаги қолган ўйинларга эътибор қаратади. Лекин совринли ўринлар учун курашдаги имкониятларини жамоанинг ўзи пасайтириб юборган. Энди наманганликлар Самарқанддаги учрашувга қандай иштиёқ билан етиб келишди, деган савол қизиқтирмоқда. Лушчан жамоасини финалдаги мағлубиятдан сўнг қандай руҳлантирганини бугун “Динамо”га қарши ўйинда кўриб оламиз. Лекин, барибир бундай мағлубият хоҳлаймизми-йўқми, “Навбаҳор”га ўз таъсирини кўрсатиши турган гап ёки бу аксинчасига хизмат қилиши ҳам мумкинми? Буни бугунни ўйинда кўрамиз.

“Динамо”да шижоат ҳам, иштиёқ ҳам анча юқори. Қолаверса, Вадим Абрамов жамоаси “Навбаҳор” билан тенг – 26 очко жамғариб мусобақа жадвалида ёнма-ён боришяпти. Ютган жамоа уч очкога ўзиб кетади ва 5-ўриндаги “Нефтчи”га тенглашиб олади. Ҳужумкорликни ёқтирадиган “Динамо” ўз майдонида мухлислари кўз ўнгида устунликка эга бўлиши кутилмоқда. “Навбаҳор”ни эса бу баҳсда финалдаги мағлубиятдан аламзада бўлган ишқибозлари Самарқандга келиб қўллайдиларми ёки йўқми, мавҳум. Дарвоқе, Лушчан бу учрашувда Жамшид Искандеров, Фарруҳ Сайфиев ва Одил Ҳамробековнинг хизматидан фойдалана олмайди. Чунки улар миллий терма жамоа ихтиёридалар.  

Мазкур клублар шу кунгача Суперлига (олий лига) баҳсларида 51 марта ўзаро рўбарў келишган. Ушбу ўйинларда наманганликлар 29, “кўҳна шаҳарликлар” эса 13 марта зафар қучишган бўлса, 9 та учрашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати – 91-44, “Навбаҳор” фойдасига.

Ўзаро ўйинларда “лочинлар” 96, “арслонлар” эса 48 очкони қўлга киритишган. 

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинларда энг йирик ҳисоб 1996 ва 1997 йиллари Наманганда қайд этилган. Ўша мавсумларда “Навбаҳор” “Динамо” устидан тегишлича 6:0  ҳамда 7:1 ҳисобларида зафар қучган.

Эътиборлиси, самарқандликлар шу пайтгача наманганликларни йирик ҳисобда мағлубиятга учрата олишмаган.

Шу кунгача Самарқандда бўлиб ўтган 25 та беллашувдан 13 тасида “Динамо” ғалаба қозонган бўлса, 9 та баҳсда “Навбаҳор” зафар қучган, 3 та ўйинда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати – 33-30, самарқандликлар фойдасига.      

Эслатиб ўтамиз, “Динамо” – “Навбаҳор” баҳси 12 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида соат 19:00 да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!