"Навбаҳор"нинг янги юлдузи наманганлик мухлисларни эътироф этди

Бугун Фаррух Икромов "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома имзолади. Шундан сўнг футболчи “Навбаҳор” матбуот хизмати учун қисқача интервью берди. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Фаррух, аввало “Навбаҳор”га хуш келибсиз. Айтингчи, сизни жамоага ким таклиф қилди?

"Мени “Навбаҳор”га жамоа бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян чақирди ва ушбу таклифни қабул қилиб, Наманганга келиб, мана бугун жамоа билан шартнома имзоладим".

- Бунгача “Навбаҳор”нинг ўйинларини кузатармидингиз?

"Албатта кузатардим. “Навбаҳор” яхши жамоа ва якунланган мавсумда Суперлигада 2-ўринни қўлга киритди, Ўзбекистон кубоги финалчисига айланди. Шу боис, янги мавсумда “Навбаҳор”нинг муваффақиятларига ҳисса қўшишга аҳд қилдим.

Фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” мухлислари борасида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз деб топдим. Жамоанинг уй учрашувларида ҳар доим стадион ишқибозлар билан тўлади, шунингдек, “Навбаҳор”нинг сафар ўйинларига ҳам мухлислар боради ва улар жамоани муносиб тарзда қўллаб-қувватлайди. Янги мавсумда мухлислар ишончини оқлаб, ижобий натижаларни қайд этишга интиламиз".

"Навбаҳор" клуби матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!