"Navruz Cup-2022". "Майкл Оуэндан бундай таърифни эшитиш ёқимли, бўлажак учрашувда яхши ўйин кўрсатамиз" - Ўзбекистонга қарши баҳс олдидан қирғизистонлик ҳужумчининг муносабати

25 март куни Наманганда “Navruz Cup-2022” халқаро кичик турнири бошланишидан хабарингиз бор. Ниҳоят, бугун барча иштирокчи жамоалар шаҳарда жам бўлдилар.

Ён қўшниларимиздан бири ҳисобланмиш Қирғизистон терма жамоаси “Navruz Cup-2022” мусобақасига келишдан аввал Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Александр Крестинин бошчилигидаги қирғизистонликлар 25 март куни  "Навбаҳор" стадионида Ўзбекистон термасига қарши майдонга тушади.

Айни пайтда улар бўлажак баҳсга тайёрланишяпти. Рақиб сафида етакчи ўйинчилар ҳам бор. 29 март куни 32 ёшни қаршилайдиган ҳужумчи Мирлан Мурзоев Қирғизистон терма жамоасининг асосий ҳужумчиси ҳисобланади. Футболчи Ҳиндистон чемпионатида “Ченнайн” клуби шарафини ҳимоя қилади. У Қирғизистон терма жамоаси таркибида 2009 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Бунгача футболчилик фаолиятини Қирғизистондан ташқари Россия, Исроил, Туркия, каби чемпионатларда ҳам ўтказган.

Терма жамоа бош мураббийининг ушбу ҳужумчидан ҳам умиди катта. Мурзаев бўлажак ўйин олдидан айрим саволларга жавоб қайтарди.  

- Бу йилги мавсумни Ҳиндистон чемпионатида ўтказдингиз. У ердаги биринчилик ва жамоаларнинг савияси қанақа?

- У ердаги савия у қадар ёмон эмас. Ҳатто, яхши десам ҳам бўлаверади. Ташкилотчилик, майдон, умумий олиб қараганда чемпионат савияси чакки эмас.

мурзаев1

- “Ченнайн” клуби мухлисларининг ёқимтойига айландингиз. Кейинги мавсумда ҳам у ердаги фаолиятингизни давом эттирасизми?

- Мавсум сўнггида ҳар бир жамоа ўзининг молиявий ҳисоб-китобларини қилишади ва шунга қараб янги ўйинчилар билан шартномалар тузилади. Кўрамиз, яхши шартнома таклиф қилишадиган бўлишса, бу вариантни кўриб чиқишга тайёрман. Балки бошқа клубдан ҳам таклиф бўлиб қолиши мумкин.

мурзаев3

- Майкл Оуэн сизнинг голингизга муносабат билдирганди. Бундан хабарингиз борми? Қандай қабул қилдингиз?

- Ҳа, у жаҳондаги кучли ҳужумчилардан бири бўлган. Оуэнни жуда ҳурмат қиламан. Доим голлар уриб юрган. Албатта, бу даражадаги топ-ўйинчидан бундай таърифни эшитиш жуда ёқимли. Энди урган голимга келсак, албатта йўллаган зарбамни бундай кетишини кутмагандим. Ҳақиқатан чиройли гол урдим ва бу голим билан жамоамга уч очко келтирганимдан хурсандман.

муразев

- Бу йил Қирғизистон терма жамоаси учун масъулиятли бўлади. Буни қанчалик сезяпсиз? Мухлислар жамоадан максимал натижа кутишяпти...

- Нафақат бу йил, балки терма жамоада ўйнашнинг ўзи катта масъулиятни талаб қилади. Нимагаки, агар терма жамоада бўлсангиз бутун жавобгарликни ҳис қиласиз. Чунки бутун халқ сиздан ғалаба кутаётган бўлади. Бу ерда нафақат ўзингни, балки бутун халқнинг шаънини ҳимоя қиласан. Майдонда ҳам, майдондан ташқарида ҳам жавобгарликни ҳис қиласан.

мурзаев2

- Ўзбекистон терма жамоаси сизларга ноқулай рақиб. Бўлажак учрашувдан нимани кутяпсиз?

- Ҳар йили ҳар бир мамлакат, ҳар бир футболчи савия жиҳатидан бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак. Бизда ҳам яхши савиядаги ўйинчилар мавжуд. Қозоғистон, Россия ва бошқа чемпионатларда ўйнайдиган тажрибали футбочлилар мавжуд. Бўлажак учрашувда яхши ўйин намойиш этиб, охиригача курашамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!