"Нефтчи" 1-даврани мағлубиятсиз якунлай оладими? Супер тўқнашувга оз қолди
Бугун Суперлигада марказий ўйин борлигини биласиз-а? Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилади. Азалий рақиблар деган таъриф буларга жуда мос тушади. Ишонамизки, мазкур баҳс қолдирилган 8-турнинг безагига айлана олади.
“Нефтчи” ҳам, “Насаф” ҳам ҳимоявий футболни хуш кўрмайдилар. Боиси, уларнинг асосий мақсади медалларни ютиш ва шу сабабли ҳужумкор футбол бу жамоаларнинг модулига айланган. Ўтган сафар “Нефтчи”нинг ўз уйида “Навбаҳор”га қарши ўйинини кўпчилик кўрган бўлса керак. Ўшанда фарғоналикларнинг намойиш этган ўйини барчада илиқ таассурот қолдирганди ва ғалабага яқин эди. Бироқ муроса кўчаси танланган.
Хўш, “Нефтчи”нинг “Насаф”га қарши ўйини қандай кечади? Бу баҳсда имкониятлар қанақа? Учрашув олдидан бу каби саволларга ҳар кимнинг жавоби ҳар хил. Лекин аниғи шуки, томошабоп тарзда кечади. Ҳали Суперлигада мағлубият нималигини билмай келаётган фарғоналиклар “Насаф” билан баҳсда ҳам бу анъанасини давом эттира оладими? Рости, улар ғалабадан бошқасини ўйламаяптилар, бу аниқ. Чунки “Нефтчи” ушбу учрашувда 3 очкони қўлга киритса, турнир жадвалида “Насаф” билан алмашади ва 3-ўринга кўтарилиб олади. Қарабсизки, “Нефтчи” биринчи даврни 3-поғонада якунлайди.
Энг кўп дуранг “Нефтчи”га тегишли эканини ҳам билсангиз керак. Уларнинг ҳисобида 7 та дуранг бор. Ғалабалари эса 5 тани ташкил қиляпти. Бош мураббий Виталий Левченко қандай бўлмасин биринчи даврани ғалаба билан якунлаш ҳаракатида. Рўзиқул Бердиев эса агар ютқазадиган бўлса, 3-ўринни бўшатишини ва яқин таъқибчиларини ўзидан узоқлаштириб юборишини яхши ҳис қилиб турибди.
“Нефтчи” – “Насаф” жамоалари шу кунгача Суперлигада 48 марта тўқнашишган ва бугунгиси 49-беллашувга айланади. Статистика шуни кўрсатяптики, фарғоналиклар ҳисобида ўзаро учрашувларда 17 та, меҳмонларда эса 20 та ғалаба бор. Яна 11 та қарама-қаршиликда дуранг кузатилган. Тўплар нисбати 54\64 “Насаф” фойдасига.
2022 йилги чемпионатдаги баҳсларда фарғоналиклар устунлик қилган. Қаршида 0:1 ҳисобида ғалаба қозонишган ва Фарғонада 1:1 кўринишидаги дуранг қайд этилган. “Насаф” охирги марта “Нефтчи”ни 2018 йили мағлуб этган. Ўшанда ўз майдонида 2:0 ҳисобида устун келганди. Қаршиликлар бир неча бор Фарғонадан ғалаба билан қайтишган. Лекин бу сафаргиси алоҳида аҳамиятга эга.
Оз қолди, бугун 20:00 да супер тўқнашув гувоҳи бўламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар