Ads

Мана бир неча кундирки, Олий лига клублари ҳам қишки трансфер мавсумини бошлаб юборишди. Гарчи Хитой клублари сингари ҳайратланарли харидлар амалга оширилмаган бўлсада, эркин агентга айланган ҳар бир футболчи учун қизғин кураш кетмоқда.

Бироқ Фарғонанинг "Нефтчи" клуби ҳақида гап кетадиган бўлса, юқорида келтирилган таъриф умуман мос тушмайди. Чунки, ўтган мавсумда фарғоналиклар сафида ҳаракат қилган Мансур Саидов, Шукурали Пўлатов ва Алишер Саматов тарк этганига қарамай, жамоа таркибига фақатгина Музаффар Музаффаров қўшиб олинди холос.

Таркибни кучсизланиб қолиши фарғоналик мухлислар томонидан эътирозга сабаб бўлди. Бироқ, қишки трансфер мавсуми ҳали олдинда ва "Нефтчи" клубида таркибни мукаммал ҳолатга келтириб олиш учун вақт етарли.

SPORTS.uz ахборот порталига хабар беришларича, "Нефтчи" клуби икки нафар хорижлик футболчи билан музокаралар олиб бормоқда.

- Жамоа бош мураббийи Андрей Фёдоров ҳимоя ва ҳужум чизиғини янада кучайтириш мақсадида икки нафар россиялик футболчини "Нефтчи" таркибига қўшиб олмоқчи. Музокаралар якуний босқичда ва тез орада томонлар якуний қарорга келишади, дейди - "Нефтчи" клубига яқин манба.