"Нефтчи"да тартиб-интизом издан чиқиб кетдими? Натижалардан қониқмаётган раҳбарият танқидий руҳда йиғилиш ўтказди
“Нефтчи” футбол клубида раҳбарият аъзолари, мураббийлар штаби ва футболчилар ўртасида йиғилиш бўлиб ўтди, йиғилишда, “Нефтчи” ФК бош директори Мўйсинжон Меҳмонов, Фарғона вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице президенти Носиржон Отақўзиев “Нефтчи” футбол клубининг асосий таркиб ва ёшлар жамоаси мураббийлари ҳамда футболчилар қатнашдилар.
Жамоа бош директори М.Меҳмонов йиғилиш қатнашчиларини кун тартибидаги масалалар билан таништириб ўтди. Йиғилишда асосий таркиб жамоасининг сўнги ўйинлардаги қониқарсиз натижалари масаласи кўриб чиқилди. Дастлаб, клуб бош директори сўзга чиқди, М.Меҳмонов ўз нутқида “Ҳурматли футболчи ва мураббийлар барчангизга маълумки, сўнгги пайтларда жамоамиз кўрсатётган ўйин ва натижалар барчамизни, шу жумладан жамоамиз мухлисларини ранжитмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган “Пахтакор” жамоаси билан ўйинни стадионда кўриб шундай хулосага келиш мумкинки, футболчиларимизда тартиб-интизом масаласида катта муаммо борлиги, бугунги турнир жадвалидаги аҳволимиздан кўриниб турибдики, олдимизда жуда ҳам катта бажарилиши лозим бўлган масала турганлигидан далолат беради. Масаланинг ечимини топиш учун раҳбарият томонидан қилиниши зарур бўлган барча имкониятларимизни ишга солмоқдамиз. Жамоа учун шарт-шароитлар яратиб берилмоқда, Тошкент шаҳридадаги ўқув-йиғин машғулотлари талаб даражасида ташкил этилди, футболчилар олдидаги қарздорликлар ҳомийлик маблағларидан бартараф этилди. Юзага келаётган муаммоларни кўриб чиқиб, ечимини топишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз, бошқа кўпчилик жамоалар билан солиштириб кўрилганда албатта умумий аҳволимиз ёмон эмас.
Асосий масалага келсак иккинчи давранинг дастлабки икки ўйини ўтказилди. Натижалар эса ўзларингизга маълум. Ҳар иккала ўйинда ҳам биттадан қизил карточка олиш жамоа ичидаги ички муҳит, интизом талаб даражасида эмаслигидан далолат бермоқда. Келаётган тур ўйинларида 4 нафар асосий футболчиларимиз ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келади ва яна 2 футболчида учтадан сариқ карточкалар тўпланиб қолган, бундай салбий ҳаракатлар билан натижа тўғрисида ўйлашимиз одамни дилини хира қилмоқда. Менинг таклифим мураббийлар штаби дарҳол футболчилар билан батафсил келишиб олишлари зарур. Ҳар икки ўйинда ҳам натижага таъсир кўрсатган вазиятлар яққол кўриниб турди. Вазифа ўйин тафсилотини чуқурроқ ўрганиш талаб қилган ҳолда футболчиларга етказиши муҳим жиҳат деб ҳисоблайман.
Камчиликларни бартараф этмасдан натижага эришиш мушкул, ҳозирданоқ ҳаракатимизни кучайтиришимиз зарур. Бутун Фарғона аҳли биздан натижа кутмоқда. Қайтариб ўтаман, олдимиздаги вазифа ўз ўрнимизни Суперлигада сақлаб қолишдан иборатдир” деб таъкидлади, клуб бош директори М.Меҳмонов.
Шундан сўнг, Фарғона вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице президенти Н.Отақўзиев йиғилиш қатнашчиларига сўзини бошида “Жамоанинг ҳозирги Суперлигада эгаллаб турган ўрни барчамизни ташвишга солмоқда. Бундан буён ортга йўл йўқ, фақат олдинга боришимиз лозим, кейинги ўйинларда раҳбарият, мухлислар ва Фарғона вилояти аҳлини юзини ёруғ қилишмиз зарур. Шу ўринда вилоят футбол ассоциацияси президенти Ҳ.Бозаровнинг сўзларни сизларга етказишим даркор, охирги футбол учрашувларидаги қониқарсиз натижалардан ва футболчилардаги тартиб-интизом масаласи жамоадаги ички муҳитда бирор камчилик юзага келган бўлса, буни тезкорликда бартараф қилиш кераклигини таъкидладилар, ҳурматли футболчи ва мураббийлар, агар ички муҳитда бирор камчилик бўлса айтинг”, деб сўзини якунлади.
Жамоа бош мураббийи Виталий Григорьевич Левченко ўз нутқида “Ортда қолган ўйинлардаги натижалар бўйича жамоа аъзолари билан тартиб-интизом масалалари ва қуюшқондан чиққан футболчилар билан гаплашиб олдик. Кетма-кет икки ўйинда ўйинчиларимиз майдондан четлатилмоқда, бу жуда қониқарсиз ҳолат. Бироқ бизда потенциали юқори бўлган футболчилар бор, жамоа ички муҳити яхши, ўзим жамоада тартибни қаттиқ назорат қилмоқдаман, ички муҳит бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Жамоа кейинги ўйинларда ижобий натижа кўрсатади, деган умиддаман, деб сўзини якунлади жамоа бош мураббйи.
Жамоамиз сардори Лутфулла Тўраев жамоа ички муҳити аъло даражадалигини, охирги беллашувларда жамоага кўпроқ омад ҳам етишмаганлигини, футболчилар ҳам яхши тушуниб туришгани, кейинги учрашувга бир мунча вақт борлигини ва навбатдаги ўйинда жамоа ўз мухлисларини қувонтиришга ваъда берди. Шунингдек, жамоамиз аъзосиз Ойбек Қиличев охирги ўйинларда жамоа тактик жиҳатдан яхши ўйнаганлигини, бироқ ўша қизил карточкалар ўйинимизга таъсирини кўрсатди, лекин кейинги ўйинларда Худо ҳоҳласа албатта ўйинимиз янада кучайишини ва раҳбарият, мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлишига ишончимиз комил, деб айтиб ўтди.
Йиғилишда ўтган охирги икки турда ҳатоларга йўл қўйган футболчилар жиддий огоҳлантирилди.
Шунингдек, клубнинг барча мураббий футболчиларига мавсумнинг қолган қисмида ўзига берилган вазифаларни сидқидилдан бажариш ва жамоа муваффақиятига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш лозимлиги таъкидланди. Футболчилар ва мураббйлар штабига ҳали ҳаммасини тузатиш имкони борлиги тушунтириб ўтилди. Кейинги турларда бўлиб ўтадиган ўйинларда ғалаба қозониш кераклиги ва мухлисларни хурсанд этиш, турнир жадвалидаги ўрнимизни яхшилаш, келгуси ўйинларда мухлисларлар учун ўйнаш кераклиги ҳақида топшириқлар берилди.
“Нефтчи” ПФК матбуот ҳизмати
Фикрлар