"Нефтчи"ни "синдирди" ёхуд клубда яна бир муаммо пайдо бўляпти!

Суперлиганинг 15-тур учрашувлари ортда қолди. 7 та ўйинда турли туман натижалар қайд этилди. Куни кеча сайтимиз орқали алоҳида “ўзбек класикоси” сифатида таъриф этиладиган “Нефтчи” – “Пахтакор” қарама-қаршилиги олдидан ҳам тўхталиб ўтгандик. Яйпандаги стадионда ўтказилган учрашув Сардор Собирхўжаев ва Драган Чераннинг голлари эвазига “Пахтакор”нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан интиҳо топди. Бу Максим Шацкихнинг “Пахтакор” бош мураббийи сифатидаги иккинчи ғалабасига айланди. Бу натижага, шубҳасиз, ўйиндаги воқеалар ривожи ҳам жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмади.

Аслида шу куни “Пахтакор”дан кўра “Нефтчи”га ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Чунки фарғоналиклар 12 очко билан 13-поғонада бораётган бўлиб, тезроқ аутсайдерликдан қутулишга интилмоқда. Шу сабабли, чемпионга қарши имкон қадар очко тортиб олиш ҳаракатида бўлишди. Ўйинни ҳам мезбонлар ёмон бошламади. Лекин иккита вазият “Нефтчи” учун жуда қимматга тушди ва бу якунда натижанинг шундай кўриниш олишига туртки берди.

пахта ва нефт

Биринчиси, бўлим охирида белгиланган пенальти билан боғлиқ эди. Жамоалар танаффусга чиқиб кетиш арафасида “Нефтчи”нинг ҳужумини “Пахтакор”нинг легионер ҳимоячиси қўли билан тўхтатиб қолди. Бош ҳакам Ильгиз Танташев ВАР ёрдамида вазиятни такроран кўриб, пенальти белгилашни лозим топди. Бу ҳисобда орқада бораётган “Нефтчи” учун айни муддао эди. Жамоанинг штатли пенальтичиси Шаҳзод Убайдуллаев бунгача 3 та гол урган бўлиб, ҳаммасини асосан пенальти орқали киритганди. Табиийки, нуқтага яна у яқинлашди. Бироқ бу гал “Пахтакор” дарвозабони Санжар Қувватов рақибининг зарбасини “ўқий” олди ва жамоасини голдан сақлаб қолиб, буни жамоадошлари билан нишонлади. Шаҳзод ҳисобни тенглаштирганидами, натижа бошқача бўлиши аниқ эди. Жамоалар танаффусга ҳисоб тенглашган ҳолда чиқиб кетишганида, бу аввало, “Нефтчи”га руҳий устунлик бериб, қўшимча иштиёқни ошириши турган гап эди. Лекин Убайдуллаев жамоасини мана шундай имкониятдан ўзи истамаган ҳолатда маҳрум қилиб қўйди. Шунда ҳам фарғоналиклар иккинчи бўлимни фаол бошлашди. 0:1 ҳисобини бемалол ўзгартириш мумкинлигини улар яхши тушуниб туришганди. Шу сабабдан, танаффусдан кейин “Нефтчи” футболчиларининг фаолликни оширишганига гувоҳ бўлдик. Керак бўлса, “Пахтакор”ни фақат ҳимояланишга мажбур қилган вазиятларни ҳам кўрдик.

“Нефтчи”нинг мағлубиятига иккинчи сабаб, Суннат Абдуллажоновнинг майдондан четлатилиши билан боғлиқ. Иккинчи бўлим бошида Сирожиддин Қўзиевнинг ўрнига майдонга тушган ярим ҳимоячи 22 дақиқа майдонда тўп сургач, рақибга ишлатган қўполлиги туфайли бош ҳакам унга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди. Оқибатда, “Нефтчи” ўзи учун иккинчи “зарба”ни қабул қилиб олди. Голга айлантирилмаган пенальти ва четлатиш фарғоналикларнинг зарарига ишлади. “Пахтакор” майдонда сон жиҳатидан устунликка эришгач, орадан 4 дақиқа ўтиб, Драган Черан жамоасининг иккинчи голини киритди ва шу тариқа ўйинга узил-кесил нуқта қўйди. Четлатиш ва иккинчи гол “Нефтчи”ни руҳан “синдирганди”. Бундан буёғига Виталий Левченко жамоаси кайфиятсиз ҳолатда рақиб билан курашни тўхтатди.

нефтчи янги_1

“Нефтчи” мураббийлари футболчиларнинг тартиб-интизом масаласида ҳам алоҳида ишлаши кераклиги кўриниб қоляпти. Ўтган турда Аббос Ғуломов қизил карточка олиб, жамоасини қийин аҳволга солиб қўйганди. Бу сафар Абдуллажонов шу ишни такрорлади. Қизиғи, ушбу жамоаларнинг биринчи даврада Тошкентдаги ўйинида Аброр Исмоилов майдондан четлатилган ва “Нефтчи” бир киши кам бўлиб ўйинни тугатганди. Чемпионат бошидан бери умумий ҳисобда фарғоналикларнинг 4 нафар ўйинчисига қизил карточка кўрсатилди. Охирги иккита учрашувда эса иккита! Бу масалада мураббийлар тезроқ вазиятни ўнгламаса яна натижаларга ўз таъсирини кўрсатаверади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Локо
15/08/2022 19:23
Нефтчи мағлубиятга учраши олдиндан режалаштириоган. Ўзини Истиқлол стадионида ўйнамаганлиги ва яна ўйинчи четлатилиши... қандайдир шубхали кўриняпти. Истиқлол стадиони талабга жавоб бермаслиги - "Бахона"
&
Bek 56
13/08/2022 10:44
Бундан бу ёгига Шахбоз 11 метрдан гол урмайди сабаби муминжонов гол урма деган шекилли