Неманья Матичнинг кейинги режалари қандай? У яқин келажакдаги мақсадини ошкор қилди

«Манчестер Юнайтед» клубининг сербиялик ярим ҳимоячиси Неманья Матич яқинда «Қизил иблислар» расмий сайтига берган интервьюсида келажакда мураббий бўлиш нияти борлигини айтиб ўтди.

- Сиз клубнинг ёш ўйинчилари ҳақида доимо ижобий фикрларни билдирасиз. Улар маслаҳатлар учун ёнингизга келадими ва сиз ўзингизни мураббийдек ҳис қиласизми?

- Ростини айтсам, кимнингдир ёнимга келгани ва ниманидир сўраганини кўрмаганман. Билмадим, балки улар ҳаддан ортиқ камтардирлар. Фикримча, уларга қандай шуғулланаётганимиз ва нималар қилаётганимизни кўриш ҳам етарли. Улар бизнинг нималар қилаётганимизни кузатишлари, ўзларининг маҳоратларини ишга солишлари керак ва шунда албатта улар топ-ўйинчиларга айланишади.

- Фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг мураббий бўлишни истармидингиз?

- Ўйлашимча, ҳа.

- Мураббийлик соҳасида сизга кўпроқ нима ёқади?

- Мен бутун ҳаётим давомида футболдаман. Шуғулланишни 5 ёшдан бошлаганман. Фикримча, футбол – мен биладиган ягона нарса. Менга футбол ичида бўлиш ёқади, шу сабаб бутсаларимни илганимдан кейин ҳам футболда қоламан. Албатта, мураббий бўлишни хоҳлайман.

- Бу сизни ўйинчи сифатида футболга бошқача қарашга мажбур қиляптими?

- Айни пайтда йўқ, чунки бор диққат-эътиборим ўйнашга қаратилган. Лекин агар бутсаларимни михга илишга қарор қилсам, у ҳолда бундан бир ёки ярим йилдан сўнг футболга бошқача қарашни бошлайман. Бу қийин бўлмайди, деб ўйлайман.

- Сиз ватанингизда футбол клубларига ёрдам бериб келасиз. Сербияда футболни ривожлантиришга ёрдам бераётганингизга ишонишингиз қанчалик муҳим?

- Сербияда кўплаб иқтидорли ёшлар бор, уларнинг барчасида шуғулланиш ва маҳоратларини кўрсатиш учун барча шарт-шроитлар мавжуд ва мен бу ҳаракатларим билан уларга ўзларини кўрсатишлари ҳамда маҳоратларини намойиш этишлари учун қулай шароитлар яратиб берилишига ҳаракат қиляпман. Футбол ўйнашни бошлаган пайтимда менда шароитлар бўлмаган, майдонлар қўрқинчли эди. Менда бутсалар ҳам бўлмаган. Ҳозир эса мен фаолиятимни бошлаган клубимда шароитлар анча яхши ва йигитлар ўзларини кўрсатиш учун барчасини амалга оширишлари мумкин. Энди ҳаммаси уларнинг ўзларига боғлиқ. Улар футбол учун борларини беришга тайёр эканликларини кўрсатишлари керак. Ҳеч қандай баҳоналар йўқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!