Неймар Месси ва Суарес билан бир жамоада ўйнаши мумкин
Бразилиялик ҳужумчи Неймар 2027 йил январь ойида «Интер Майами» жамоасига ўтиши мумкин.
Бразилия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Фелипе Мело маълумотларига кўра, Неймар «Сантос»ни тарк этиб, АҚШ клубига қўшилишни истамоқда. Мазкур жамоа сафида ҳозирда Лионель Месси ва Луис Суарес тўп сурмоқда. Неймар 2014–2017 йилларда улар билан бирга «Барселона» таркибида ўйнаган.
Неймар – «Сантос» тарбияланувчиси. У профессионал фаолиятини айнан шу клубда 2009 йилда бошлаган. «Сантос» билан бирга у бир қатор совринларни қўлга киритган: Кубок Либертадорес, Лига Паулиста, Бразилия кубоги ва Жанубий Америка Суперкубоги. Бразилиялик форвард 2025 йил январь ойида ўзининг собиқ клубига қайтган эди.
2026 йил январь ойида эса футболчи «Сантос» билан шартномасини 2026 йил охиригача узайтирди.
Неймар – Франциянинг беш карра чемпиони, Испаниянинг икки карра чемпиони ҳамда Чемпионлар лигаси ғолиби ҳисобланади.

Фикрлар