Ниҳоят, Марко Станоевичнинг мавсумни қайси клубда бошлаши аниқ бўлди!
“Насаф” клубидаги вазият барчанинг эътиборини ўзига қаратмоқда. Олдинги йиллардагидек, бу йилги қишки йиғин чоғида ҳам жамоада бир қатор муаммолар юзага келган. Бу эса ўз ўрнида, таркибга ҳам таъсир қилиши турган гап. Лекин “Насаф” имкони қадар етакчиларини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти.
Яқинда сербиялик Марко Станоевич “Насаф” машғулотларига қўшилганди. Барибир шунда ҳам унинг Қаршида қолиши сўроқ остида турганди. Чунки уни ўз сафида кўришни истаётган жамоалар бор эди. Легионерга талаб юқори бўлгани сабабли, унинг қандай йўл тутиши ҳам қизиқтираётганди. Бироқ “Насаф” якунда у билан боғлиқ масалани ижобий ҳал қилди. Бу хусусида футболчи sports.uz мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.
- Марко, сиз яна “Насаф” клубининг машғулотларига қўшилдингиз. Қаршида эканингизни ҳисобга олсак, янги мавсумни яна ушбу жамоада бошлайсизми?
- Ҳа, мен Қаршига етиб келганман ва “Насаф”га қўшилдим. Жамоам билан янги мавсумга тайёргарлик кўряпман.
- Бундан чиқди, “Насаф” билан шартнома туздингизми?
- Ҳа, шартномага қўл қўйдим. Янги мавсумни яна “Насаф” таркибида ўтказаман.
- Шунингдек, сизни АГМК клубга ўтишингиз ҳақида ҳам эшитгандик. Бу ростмиди?
- Тўғри, инкор қилмайман, менга таклифлар бўлди. Аммо мен яна “Насаф”да қолишни афзал кўрдим.
- Айни пайтда клубдаги ички муҳит қандай?
- Бу ердаги ички муҳит ҳар доимгидек яхши, нолишга ҳожат йўқ.
- Клубда молиявий муаммолар борлиги айтилаётганди. Демак, бу ҳолат сизни клубда қолишингизга халақит қилмабдида-а?
- Ўтган йили ҳам жамоамизда молиявий муаммолар бор эди. Шунинг учун ҳам ҳозир бу тўғрисида ўйламаяпман. Фақат яхшиликни ўйлаб “Насаф”да қолишга қарор қилдим.
- Сиз анча вақт уйда бўлдингиз ва “Насаф”га қайтишингиз ҳам чўзилиб кетганди...
- Мен уйда бўлган чоғимда таклифларни кўриб чиқдим. Ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўрдим. Якунда боя айтганимдек, яна “Насаф”да қолишни хоҳладим.
- Клубни бир қатор етакчи ўйинчилар тарк этяпти. Уларнинг ўрнини тўлдириш муаммо бўлади, деб ўйлайсизми?
- Ҳозирча иккита ўйинчи жамоамизни тарк этди. Лекин, менимча, кўп футболчилар “Насаф”да қолишади. Бу йил ҳам ўтган йилги натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз.
- Аммо бу осон бўлмаса керак. Умуман олганда, жамоанинг олдига аниқ вазифа қўйилдими?
- Ҳали билмайман, раҳбарлар қандай вазифа қўйишини. Лекин мураббийимиз ҳеч қачон бизни бўшашишимизга йўл қўймайди. Мақсадимиз шундайки, ҳар бир ўйинни ғалаба билан тугатишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар