Ниҳоят, “Ливерпуль” Муҳаммад Салоҳ ўрнини босадиган ўйинчи топди
“Ливерпуль” ёзги трансферлар ойнаси даврида “Монако” ҳужумкор футболчиси Магнес Аклиушни трансфер қилишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда L'Equipe нашри хабар берди.
Манбага кўра, 24 ёшли француз футболчиси Мерсисайд клубини тарк этаётган Муҳаммад Салоҳнинг ўрнини боса оладиган ижрочи сифатида кўрилмоқда. Мисрлик ҳужумчи 2026 йил ёзида эркин агент сифатида клубни тарк этишини аллақачон маълум қилган.
Қайд этилишича, “Ливерпуль”ни “Монако” талаб қилаётган 50 миллион евролик сумма хавотирга солаётгани йўқ. Бироқ инглиз клуби трансфер учун “Тоттенхэм” билан рақобатлашишига тўғри келади.
Аклиуш 2022 йилдан бери “Монако” сафида ўйнаб келмоқда. Унинг шартномаси 2028 йилгача амал қилади. Жорий мавсумда футболчи 42 та учрашувда 7 та гол ва 11 та голли узатма муаллифи бўлди.

Фикрлар