Нима учун Суперлига-2018нинг барча ўйинлари дам олиш кунлари ўтказилмаслигига изоҳ берилди

Ўзбекистон футбол Ассоциациясидаги ислоҳотлардан сўнг кўп нарса ўзгарди. Мусобақа ўтказиш тизими тубдан янгиланди, футболчи ва мураббийларга, мутахассисларга талаблар кучайтирилди. Болалар ва ўсмирлар, аёллар футболига, футзал ўйинларига эътибор янада ошди. Буларнинг бари биринчи навбатда мухлислар учун, уларнинг маданий дам олишларини, футболга бўлган маънавий эҳтиёжларини қондириш учун амалга оширилаётганлиги сир эмас.

Бугун эълон қилинган Суперлига-2018 тақвими ҳам бундан мустасно эмас. Умиджон Аҳмаджонов футбол ташкилотига раҳбар этиб тайинланганидан сўнг, амалий ишларининг дастлабкиларидан бири сифатида Суперлига ўйинларини дам олиш кунларига, ишдан кейинги вақтларга белгилашни ваъда қилганди. Ҳақиқатдан ҳам янги тақвимда ўйинлар бошланиши кунини белгилашда асосий урғу жума, шанба ва якшанба кунларига белгилашга қаратилди. Эътибор беринг, Суперлига жамоалари ўртасидаги чемпионатнинг биринчи босқичида 12та жамоа икки давравий, 132та учрашув ўтказади. Шундан атиги 24таси ҳафта бошига (душанбада 5та, сешанбада 8та ва чоршанбада 11та) тўғри келяпти, қолган 108та ўйин ҳафтанинг иккинчи ярмига режалаштирилган. Энг кўп учрашувлар эса шанбага (38та) белгиланганлиги ҳам мухлислар таклиф ва истакларидан келиб чиқилганидан далолат беради.

Ўзбекистон Кубогининг 1/16 финал, яъни 32та ўйини ҳам айнан якшанба кунларига белгиланган, қолган босқичлардаги баҳсларнинг аксарияти ҳам ҳафтанинг охирги кунларида ўтказилиши маълум қилинган.

Ҳозирги тақвимдан келиб чиқиб, айрим учрашувларнинг душанба ва сешанба кунларига белгиланганини кўриш мумкин. Таъкидлаш жоиз, 12та клуб иштирок этадиган ва янгича форматда ўтадиган ўйинларни фақат дам олиш кунларининг ўзига белгилаш ҳам амалий, ҳам назарий ва ҳам жисмоний жиҳатдан тўғри келмайди.

Қолаверса, мавсум давомида Ўзбекистоннинг икки клубининг ОЧЛ учрашувларида иштирок этиши, миллий терма жамоанинг ФИФА кунлари ташкил этадиган расмий ва норасмий ўртоқлик учрашувлари боис, мавсум давомида айрим учрашувлари душанба ва сешанба кунларига тўғри келиши табиий ҳол. Қолаверса, тиғиз тақвим туфайли футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаб бориш каби муҳим масалалар тақвим тузиш жараёнида мутахассислар томонидан ҳисобга олинган.

Энг муҳими, миллий чемпионатимизнинг асосий давомийлиги ёз ойларига тўғри келишини инобатга олсак, ўйинларни 18.00дан олдин бошламаслик ҳақидаги банд Регламентга киритилди. Бундан кейин Суперлига ўйинлари  кечки 18.00дан олдин бошланмаслиги белгилаб қўйилди.

Демак, бу йилдан эътиборан мухлислар майдонда кучли, рақобатбардош жамоаларнинг ўйинларини ўзлари учун қулай бўлган кунда ва соатда томоша қилиш имкониятига эга бўлишмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!