Нишонланмаган тарихий гол, фашистлар ёрдамчиси, 4 дақиқага кечиккан Барт Макги. Илк Жахон чемпионатига бир назар

1930 йилнинг 13 июлида Уругвайнинг Монтевидео шаҳридаги «Поситос» стадионида маҳаллий вақт бўйича 15:00 да Франция ва Мексика терма жамоалари учун ҳакам Доминго Ламбарди томонидан чалинган ҳуштак ўйинни бошлаб берди. Худди шу вақтда «Поситос»дан уч километр узоқликда жойлашган «Гран Парке Сентраль» майдонида Хосе Масиас АҚШ ва Бельгия ўртасидаги беллашувни бошлаш «белги»сини берди. Шу тарзда футбол тарихдаги илк жаҳон чемпионатига старт берилди.

Уругвай мезбон сифатида шунчаки танланган эмасди: Жюль Риме бошчилигидаги ФИФА мамлакатни 1924 ва 1928 йиллардаги Олимпиададаги икки олтин медали ва конституциясининг юз йиллиги билан шу тарзда муборакбод этди. ЖЧ-1930 да 13 та миллий терма жамоагина иштирок этди, улардан фақат 4 тасигина Европадан Жанубий Америкагача бўлган узоқ саёҳатга рози бўлган, қолган жамоалар эса Колумб очган диёрнинг вакиллари эди.

Бельгия, Франция ва Руминия клублари «Конте Верде» кемасида бирга келишган, Югославия эса алоҳида етиб борган.

У пайтларда чемпионатнинг очилиш маросими деган тушунчаси бўлмаган ва телетрансляциялар тўғрисида ҳам қайғуришга тўғри келмаган. Шунинг учун турнирнинг биринчи ва тўртинчи гуруҳлардаги ўйинлар бир вақтда баравар бошланган. Иккала ўйинда ҳам Европа жамоалари шимолий америкаликларга қарши майдонга тушишган. Илк жаҳон чемпионатидаги биринчи гол муаллифи Франция терма жамоаси аъзоси Люсьен Лоран ҳисобланади.

«Биз Мексикага қарши ўйнаётганимизда қор ёғарди, сабаби жанубий қутбда июль - қиш фаслига тўғри келарди. Жамоамдаги шерикларимдан бири узоқ масофадан тўпни улоқтирди, мен эса уни ўнг оёғим билан дарвозабон устидан ошириб ўтказишни уддаладим. Ҳамма мамнун эди, аммо биз майдон бўйлаб бахтдан қувониб югурмас эдик, чунки ҳеч ким тарихни ёзаётганлигинини тушунмасди. Тез-тез қўлларимизни сиқдик ва ўйинни давом эттирдик».

Люсьен иккинчи турдаёқ лат еди ва шу билан турнирда бошқа қатнаша олмади, унинг жамоаси эса Аргентина ва Чилига мағлуб бўлгани учун чемпионатни тарк этишди. Лоран 1998 йилги Жаҳон чемпионатида французлар ғалабасини кўра олган 1930 йилги жамоанинг ягона аъзоси бўлди. У 2005 йил 97 ёшида вафот этди.

Иккинчи гол Мексика дарвозасига урилди, унинг муаллифи «Экселсиора» ҳужумчиси Марсел Ланжие эди. Илк Жаҳон чемпионатидаги дублни эса «Сошо» форварди Андре Машино амалга оширди. Мексикаликлар фақатгина битта гол билан жавоб қайтара олдилар ва 1:4 ҳисобда мағлубиятга юз тутдилар. Франция жамоасининг сардори бўлажак сотқин, фашистлар ёрдамчиси ва қотил Александр Виллаплан эди.

Параллель ўйинда АҚШ Бельгия устидан ғалаба қозонди. Ўйиннинг 23-дақиқасида ўзининг жамоаси учун ягона голни Барт Макги урди ва у тарихдаги илк голни уриш учун атига тўрт дақиқага кечикди. Кейинги голларни Том Флори ва Берт Пэтноуд уришди, шу тарзда Бельгия мағлубиятга учради.

АҚШ ярим финалга чиқди, аммо таркибида бўлажак буюк мураббий Гильермо Стабиле ва Луис Монти бўлган Аргентинага 1:6 ҳисобида ютқазди. Параллель ўйинда Югославияни худди шу ҳисоб билан Уругвай мағлуб этди. Финал чемпионат учун махсус барпо этилган «Сентенарио» стадионида, Уругвай ва Аргентина ўртасида бўлди ва Уругвай 4-2 ҳисобида ғалабага эришди. Шу тариқа илк чемпионатда Уругвай мутлақ ғолиб бўлди.

Учинчи ўрин учун беллашув ўтказилмади, шу сабаб АҚШ ва Югославия жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритишди.

Манба: Sports.ru

Сандра Алиссон таржимаси