Нодир Элибоев: "Биз Жакартага ғалаба қозониш мақсадида келганмиз"

Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Нодир Элибоев Осиё Кубоги–2026 мусобақаси олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди.

"Аввало, Индонезия мамлакати раҳбарияти, футбол ва футзал мутасаддиларига бизни илиқ кутиб олганликлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, барча иштирокчиларга мусобақа давомида омад тилайман.

Тайёргарлик масаласига тўхталадиган бўлсам, биз Осиё кубогига ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрдик. Жакартага олдимизга қўйилган вазифани шараф билан уддалаш мақсадида ташриф буюрдик. Энг аввало, гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритишимиз керак. Ҳар бир ўйинда йигитлар олдига фақат ғалаба қозониш вазифасини қўйганмиз. Ўйлайманки, биз қийин, аммо бажариш мумкин бўлган мақсадимизга юз фоиз тайёрмиз.

Албатта, бизда ҳам муаммолар йўқ эмас. Жумладан, бир қатор футболчиларни жароҳат сабаб таркибга қўша олмадик. Бу ҳолат миллий чемпионатимизнинг сўнгги турларида юз бергани боис ҳимоя ва ҳужум чизиғидаги боғланишларга тезкор ўзгартиришлар киритишга тўғри келди. Режадаги мақсадларимизга қай даражада эришганимизни дастлабки учрашувларда билиб оламиз. Шунингдек, финал босқичи баҳслари давомида ҳам ишлаш ва изланишда давом этамиз. Ўйлайманки, терма жамоага чақирилган барча футболчилар жанговар руҳда ва курашга тайёр. Мақсадимиз — фақат аъло натижага эришиш ҳамда мухлисларимизни чиройли, ғалабали ўйинлар билан хурсанд этиш.

Рақибларимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, бугунги кунда Осиёда футзални ҳамма яхши ўрганиб, ўзлаштириб олган. Финал босқичида кучсиз жамоа бўлмайди. Гуруҳдаги барча рақибларимизнинг ўйин услубларини чуқур таҳлил қилиб чиққанмиз ва футболчиларимизга зарур кўрсатмаларни бердик. Ишонаманки, мусобақада ижобий натижага эришиш қўлимиздан келади", — деди Нодир Элибоев.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон футзал терма жамоаси гуруҳ босқичида Тожикистон, Австралия ва Япония терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Нодир Элибоев шогирдлари дастлабки учрашувни 28 январ куни Тожикистон терма жамоасига қарши ўтказади. Мазкур ўйин Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!