Нодирбек катта турнирда қаттиқ курашяпти

TIGGO 2 PRO

“Tata Steel Chess-2025” турнирининг “Мастерс“ гуруҳида ғолибликка даъвогарлик қилаётган Нодирбек Абдусатторов ушбу турда етакчилик пойгасида ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандхага ярим очко ҳисобида имкониятни бой бериб, ўринларни алмашиб олди. Яъни, ҳинд шахматчиси 3,5 очко билан 1-ўринга кўтарилиб олган бўлса, Нодирбек Абдусатторов 3 очко ҳолатида 2-ўринни банд этиб турибди. 

4-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳаракатланишига қарамасдан хитойлик Вэй И билан 41-юриш ҳолатида муроса йўлини танлади. Рамешбабу Праггнанандха Нодирбекдан фарқли ўлароқ ҳамюрти Леон Люк Мендонкани 46-юришда таслим этди. 

“Челленжер“ гуруҳида иштирок этаётган ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 3-турда бўлгани сингари 4-турда ҳам омадсизликка учради. 3-турда чехиялик Нгуен Тай Дай Ванга очко улашган Ёқуббоев 4-турда оқ доналарда ҳиндистонлик Ваишали Рамешбабуга ютқазиб қўйди. 

Кетма-кет омадсизлик Нодирбек Ёқуббоевни 1,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 14 нафар иштирокчи орасида ҳозирча 9-ўрин билан кифояланишига олиб келди. 

Ёқуббоев гуруҳида 3 нафар шахматчи 3 очко билан етакчиликни мустаҳкамлаётган вазиятда 2 нафари 2,5, 3 нафари 2, яна 3 нафари 1,5 очкога эга бўлиб турибди. 

5-тур ўйинларида "Мастерc" гуруҳида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Нидерландия вакили Йорден ван Форест қаршилигини енгишга ҳаракат қилади. 

Нодирбек Ёқуббоев 5-турда қора доналарда озарбайжонлик Айдин Сулейманли билан куч синашади. 

Эслатиб ўтамиз, 13 та турдан иборат “Tata Steel Chess-2025” турнири 2 февралга қадар давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!