Нодирбек пешқадамни тўхтатгани икки гроссмейстеримизга жуда қўл келди
Қатарнинг Доҳа шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган “Qatar Masters Open-2023” халқаро турнирида дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатидан келган шахмат усталари ғолиблик учун курашмоқда.
Энг кучли шахмат усталарини жамлаган А гуруҳи баҳсларида 158 нафар спортчи ғолиблик учун дона суряпти.
Ушбу гуруҳда Ўзбекистондан 14 нафар шахматчи иштирок этмоқда.
Халқаро турнирнинг олтинчи турида марказий учрашув мусобақада тўрт ярим очко билан пешқадамлик қилаётган ҳиндистонлик Нараянан ва ундан ярим очко кам жамғарган Нодирбек Абдусатторов ўртасида кечди. Оқ доналарда ҳаракат қилган ҳамюртимиз дуранг натижа қайд этиб, пешқадамдан ярим очко тортиб олди.
Нараяннинг ярим очко йўқотиши уч нафар шахматчи – ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев ва ҳиндистонлик Аржун Эригаисига қўл келди.
Жавоҳир Синдаров ҳиндистонлик Миттал Адитяни, Нодирбек Ёқуббоев қозоғистонлик Ринат Жумабоевни қора доналарда таслим қилиб, очколари сонини бештага етказди.
Ўзбекистонлик қолган шахматчилар олтинчи турда қуйидаги натижаларни қайд этди:
Жаҳонгир Воҳидов – Пранеш (Ҳиндистон) –дуранг;
Шамсиддин Воҳидов – Белуркар Нитиш (Ҳиндистон) – ғалаба;
Муҳаммадали Абдураҳмонов – Жан Грен Даи (Хитой) – ғалаба;
Аделарт Баи – Абдумалик Абдусалимов – ғалаба;
Ведант Панесар (Ҳиндистон) – Муҳиддин Мадаминов – дуранг;
Саидакбар Сайдалиев – Йи Лию (Австралия) – ғалаба;
Ҳумоюн Бегматов – Ки Чен (Хитой) – дуранг;
Бенжамин Халдорсен (Норвегия) – Муҳаммадзоҳид Суяров – дуранг;
Бобур Сатторов – Мохан Кушагра (Ҳиндистон) – ғалаба;
Гаур Гарв (Ҳиндистон) – Баҳром Бариллаев – мағлубият;
Олмос Раҳматуллаев – Ража Картик (Ҳиндистон) – ғалаба.
Кўриниб турибдиги олтинчи тур учрашувлари умумий ҳисобда ўзбек шахматчилари учун муваффақиятли кечди. Ҳамюртиларимиз 14 та учрашувда саккизта ғалаба, бешта дуранг ва битта мағлубият қайд этди.
Еттинчи тур олдидан бештадан очко жамғарган ўзбек ва ҳинд гроссмейстерлари – Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев, Нараянан ҳамда Аржун Эригаиси етакчилик қилмоқда.
Яна саккиз нафар кучли шахмат усталари ҳисобида тўрт яримтадан очко бор. Таъқибчилар орасида Нодирбек Абдусатторов, Хикару Накамура, Магнус Карлсен каби машҳур гроссмейстерлар бор.
Фикрлар